Янгиликлар

Хориждаги юртдошларимиз учун пулли ўтказмаларни амалга ошириш хизматини арзонлаштириш масаласи муҳокама этилди

25 декабрь куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Осиё тадқиқотлар Европа институти бош директори (EIAS) Аксел Гетальсни қабул қилди. Томонлар молиявий технологиялар ва молиявий хизматлар бозорини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Молиявий технологияларнинг ривожлантиришда инновацияларнинг ўрни муҳимлиги қайд этилди.

А. Гетальс юртимиздан ташқарида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига пул ўтказмаларининг янги иловасини ҳамкорликда яратиш таклифи билан чиқди. Айни пайтда Money Gram, Western Union каби пул ўтказмалари орқали маблағ жўнатишда 9 фоизли хизмат ҳаққи олинади. Бу анчайин катта фоиздир. Айнан шу боис ўз юртидан ташқарида яшовчи Ўзбекистон фуқаролари учун трансфер хизмати учун 1 фоизли комиссия ҳаққи олувчи молиявий иловани ишлаб чиқиш ва жорий этиш муҳим.

Таъкидлаш жоизки, Европада бир давлатдан иккинчи давлатга пул ўтказиш жуда ҳам кам фоизда, тахминан 1 фоиз билан амалга оширилади. МДҲ давлатларида эса 9 фоиз хизмат хақи олинади. Демак Европанинг бу борадаги катта тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ этиш фуқароларимиз учун манфаатли бўлади.

И. Абдураҳмонов вазирлик Осиё тадқиқотлар Европа институти билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этиб, 2020 йилда мазкур ташкилот билан тузиладиган йўл харитаси асосида иш олиб боришга тайёр эканини билдирди.

Осиё тадқиқотлар Европа институти 1989 йили Брюсселда ташкил этилган бўлиб, мазкур ташкилот Европа Иттифоқи ва Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, сиёсатчилар, олимлар, тадқиқотчилар ва фуқаролик жамиятлари ўртасида давлатлараро кенг қамровли илмий изланишлар олиб боришга, маълумотлар алмашинувига кўмак беради.

Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати