Янгиликлар

“Сколково” инновацион технопаркининг тажрибаси Ўзбекистонга жорий этилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги иқтисодиётнинг барча соҳаларига инновацияларни жорий этувчи давлат органи ҳамда иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнининг иштирокчиси сифатида давлатимиз Бош вазири 21 октябрь куни иштирок этган VIII Халқаро “Очиқ инновациялар форумининг натижаларидан келиб чиққан ҳолда “Сколково” инновацион технопаркининг тажрибасини Ўзбекистонга жорий қилиш йўлида амалий ишларни бошлади.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегациянинг Москва шаҳрига сафари “Сколково“ жамғармаси раиси Аркадий Дворкович билан учрашувдан бошланди. Музокаралар натижасида жамғарма мутахассисларини Республикамизда стартап-лойиҳалар экспертизасини ўтказиш жараёнига жалб қилиш, “Сколково” инновацион марказида ўқитиш учун мутахассислар ва стартап компанияларни юбориш, Тошкент шаҳрида “Startup tour Skolkovo” халқаро тадбирини ташкил этишга келишилди. «Startup tour Skolkovo» технологик тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган  МДҲ мамлакатларида ўтказиладиган энг йирик лойиҳалардан биридир. Тадбирда дунёнинг етук мутахассислари - таниқли тадбиркорлар, менторлар, "бизнес ангел"лар, венчур жамғармалари вакиллари, илғор технологиялар мутахассислари иштирок этиб келмоқда. «Startup tour Skolkovo» технологик лойиҳалар танловини, шунингдек йирик ўқув ва конференция дастурини ўз ичига олади.

“Сколково“ жамғармаси раиси А.В.Дворкович билан ўзаро икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланди. Ушбу битим доирасида “Сколково” технопаркининг резидентлари – “ЯКласс”, “Кодвардс” компанияларининг таълимга оид лойиҳаларини юртимиз умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларида тажриба сифатида қўлланилиши ёшларнинг илм-фанга қизиқишини оширишига хизмат қилиши кутилмоқда. “ЯКласс” лойиҳасида ҳар бир ўқувчига индивидуал топшириқлар берувчи онлайн таълим платформасидан фойдаланилади ва боланинг билими электрон тестлар орқали баҳоланади, имкониятлари ўрганилади, ўқувчиларнинг иқтидори очилишига имкон яратилади. “Кодвардс” ўқув дастури орқали эса ўйин тарзида болаларда ҳар қандай дастурлаш тили учун универсал кўникмалар шакллантирилади,  уларни дастурлаш асослари билан таништирилади.

Шунингдек, Россияда сувни тозалаш ва қайта ишлаш учун замонавий ускуналар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири, "Сколково" технопаркининг резиденти “Helyx Water” компанияси билан Ўзбекистонда оқава сувларни тозалаш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона очиш ва лойиҳани келгусида Яшнобод инновацион технопаркида амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди. Ҳозирги вақтда ушбу компаниянинг тозалаш тизимлари нефть, озиқ-овқат ва кимё саноатида, тиббиётда, иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ва коммунал хизматларда етакчи компаниялар томонидан қўлланилади.