Янгиликлар

Россия-Ўзбекистон қўшма стартап лойиҳалари танлови ташкил этилади

Стартаплар – келажак иқтисодиётининг асоси. Худди спортда бўлажак чемпионларни етиштириш учун ҳар бир мактабда спорт тўгараклари очилиши, спорт мактаблари фаолият юритиши, соғлом турмуш тарзи тарғиб қилиниши кераклигидек, стартапчиларни етиштириш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш, ёшларда технологик тадбиркорлик, инновацион тафаккурни ривожлантиришни тизимли равишда олиб бориш муҳимдир. Стартапларни нафақат Кремний водийсида ёки “Сколково”да, балки юртимизда ташкил этиш, билимни имкониятларга, моддий бойликка айлантириш учун шароитлар яратиш мумкинлигини ёшларнинг онгига сингдириш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Россиянинг “Сколково” инновацион марказига ташрифи давомида “Сколково” жамғармаси раиси Аркадий Дворкович билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида юртимиз стартап экотизимини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистондаги стартап компанияларининг “Сколково” инновация марказидаги “Софтлендинг” тренинг дастурида бепул иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди. 2020 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондаги 25 та стартап компаниялари учун мақсадли ўқув-тренинг курсларни ташкил этишга келишилди. Бундан ташқари, 2020 йилнинг биринчи чорагида Россия-Ўзбекистон қўшма стартап лойиҳалари танловини ташкил қилишга келишилди. Танлов натижасида бир мақсадга йўналтирилган қўшма стартап лойиҳалари танлаб олинади ҳамда ҳамкорликда молиялаштирилади.

Ўз навбатида делегация аъзолари Сколково фан ва технологиялар институти (СколТех) фаолияти билан танишиб, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва СколТех институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишди. Энди Ўзбекистонлик битирувчилар танлов асосида СколТехнинг магистратура дастурларида иштирок этадилар, профессор-ўқитувчилар эса тажриба оширишлари учун қисқа муддатли ўқув курсларига юборилади. Шунингдек, Россия Фанлар академияси илмий тадқиқот институтларига йилига 100 та ёш илмий ходимни қисқа муддатли стажировкага юборилиши ҳам режалаштирилди.