Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ишчи гуруҳи Тошкент вилоятининг узоқ мактабларида давра суҳбатлари ўтказди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчиларини илм-фанга қизиқишини ошириш бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Ушбу тадбирда тумандаги 20 та мактаб ўқувчилари билан давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда вазирлик бўлим бошлиқлари, иқтисод фанлар номзоди Отабек Жумаев ва Жаҳонгир Саматов, Ўзбекистон Миллий университети Нанотехнологиялар ривожлантириш маркази директори, академик Комил Муқимов сўзга чиқиб, юртимизда таълим, илм-фан соҳасида катта ислоҳотлар олиб борилаётгани, ёшларнинг ўқишлари, билим олишлари, хорижда малака оширишлари учун кенг имкониятлар очилаётгани ҳақида гапирдилар.

Тренингдан кўзланган асосий мақсад — битирувчи ёшларни олий таълим олишлари йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг келажакда юртимиз тараққиёти учун муносиб кадр бўлиб етишишлари учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот бериш бўлди. Семинарга сўзга чиққанлар, шунингдек инновацион ғоялар ва нанотехнологиялар ҳақида маълумотлар ва билимларни ўқувчи ёшларга етказишди. Саноат соҳасидаги ўзгаришлар айнан инновацияларнинг қай даражада жорий этилишига боғлиқ экани ҳақида ҳам сўз юритишди.

Ўқувчилар касб танлаш борасида қатор саволлар билан мурожаат қилдилар. Маърузачилар ўз ҳаёт йўлларини мисол тариқасида келтириб, касбий фаолиятларидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларнинг саволлари жавоб бердилар, энг асосийси, қандай касб эгаллашларидан қатъий назар танлаган касбларига бўлган меҳр энг асосий омил сифатида қаралиши лозим эканини таъкидладилар.