Янгиликлар

Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоаси Халқаро робототехника мусобақасига йўл олди  

 

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Жанубий Кореянинг Донхэ шаҳрида 28-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Робототехника халқаро чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси Корея Республикасига жўнаб кетди.

6 та йўналиш бўйича бутун республика бўйлаб турли танловларда фаол иштирок этган 11 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган иқтидорли болалар саралаб олинди. Улар Навои, Хоразм, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан.

Ўзбекистонда робототехника соҳасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази томонидан қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Халқаро робототехника олимпия қўмитаси (International Robot Olympiad Committee, IROC) билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Эслатиб ўтамиз, Халқаро инновацион ғоялар Ҳафталиги «InnoWeek.uz» - 2018 доирасида томонлар ўртасида Манила (Филиппин) да Ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Ҳужжатга кўра Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази Робототехника бўйича халқаро Олимпиада қўмитаси - IROC нинг минтақавий танловини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади, Ўзбекистон миллий терма жамоасини шакллантириш, ҳамда унинг халқаро олимпиадада иштирокини таъминлайди.

Лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистон бўйлаб иқтидорли ёшларни аниқлаб, улар ўртасида робототехника мусобақаларини оммалаштириш, ёшларни инновацион технологияларига бўлган қизиқишларини орттириш ва ёшларда ижодий мушоҳада юритиш қобилиятларини ривожлантиришдир.