Янгиликлар

InnoWeek-2020: 230,6 млн. АҚШ доллари қийматидаги меморандумлар имзоланди

2020 йил 3 ноябрь куни “INNOWEEK-2020” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Туркия, Ҳиндистон ва Жанубий Корея Республикаси давлатларининг инвесторлари билан икки томонлама ҳамкорликни назарда тутувчи умумий қиймати 230,6 млн.долларга тенг бўлган англашув меморандумлари имзоланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Туркиянинг “JFC ENERJI YATIRIM SANAYI ve TICARET A.S.” компанияси ўртасида - 229,6 млн. доллар қийматидаги ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ширкат техник каннабис ўсимлиги уруғларини қайта ишлаш йўли билан озиқ-овқат, косметика, тўқимачилик, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқишга ихтисослашган. Маълумки, техник каннабис энг тез ўсувчи экинлардан бири бўлиб, пахта билан солиштирганда, 1 гектардан 4 баробар кўп целлюлоза олинади. Ўсимликка қишлоқ хўжалиги кимёвий препаратларини нисбатан камроқ ишлатилади ҳамда сувни анча кам талаб қилади. Тупроқдан таркибидан заҳарли моддаларни чиқариб олиш, атроф-муҳитни ифлосланишлардан тозалаш имконини беради. Техник каннабис 110 кун ичида 2-3 метрга етади ва бир мавсумда бир нечта ҳосил олиш имконини беради.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “TOV Clean Co Ltd”.компанияси (Жанубий Корея) ўртасида 1,0 млн. доллар қийматидаги ўзаро англашув меморандуми эса инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда экологик тоза маиший кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган.

Шунингдек, вазирлик томонидан Ҳиндистоннинг “Zen Technologies Limited” компанияси ҳамда Португалиянинг “Take The Wind” компанияси билан технологиялар ва интеллектуал фаолият натижалари трансфери бўйича ҳамда ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Инвесторлар билан технологиялар трансфери, билим ва тажриба алмашиш, қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, стартап ҳамда инновацион лойиҳаларнинг қўшма танловларини ташкил этиш борасида келишувларга эришилди. Шунингдек, илмий лойиҳаларни молиялаштириш, инновацион фаолиятни венчур молиялаштириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаоллик билан олиб боришга келишиб олинди.

Ҳафталикнинг қолган кунлари ҳам қўшимча инвестиция шартномалари ва меморандумлар имзолаш режалаштирилган.