Янгиликлар

Олима аёлларнинг умумий 5,5 млрд сўмлик тўртта илмий лойиҳаси молиялаштиришга тавсия этилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 29 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги Ҳайъатида «Филология, психология ва педагогика фанлари», «Тиббиёт фанлари», «Иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари», «Қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фанлари», «Техника фанлари» бўйича илмий-техник кенгашлар томонидан молиялаштиришга тавсия этилган 17 та тематик лойиҳалар кўриб чиқилди. Ҳайъатга Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди. Йиғилишда Ҳайъат аъзолари, вазирлик мутасаддилари, илмий-техник кенгашлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишида лойиҳалар танловлари натижаларига кўра молиялаштиришга тавсия этилган амалий ва инновацион лойиҳалар муҳокама этилди. Муҳокамада ҳар бир лойиҳа алоҳида кўрилиб, Ҳайъат раиси ва аъзоларининг саволларига лойиҳани ҳимоя қилаётган тегишли илмий техник кенгаш раиси ёки раиси ўринбосари жавоб берди. Ҳар бир лойиҳа алоҳида овоз бериш йўли билан тасдиқланди ёки рад этилди.

Йиғилиш якунига кўра жами 17 та лойиҳадан 4 таси молиялаштиришга тавсия этилди, шулардан 1 таси амалий, 3таси инновацион лойиҳалардир. Қолган 14 та лойиҳа қайта ишлаш ва такомиллаштириш учун тегишли илмий-техник кенгашларга қайтарилди.

Шундай қилиб, «Олима аёллар грантлари» ташаббускор инновацион лойиҳалар танлови натижаларига кўра Тошкент молия институти томонидан тақдим этилган бажарилиши 3 йилга мўлжалланган «Ўзбекистонда суғурта фаолиятини рақамлаштириш ва ақлли суғурта технологияларини яратиш» амалий лойиҳа йиллик 500 млн сўм миқдорида молиялаштиришга тавсия этилди.

Республика ихтисослаштирилган илмий амалий акушерлик ва гинекология тиббиёт маркази давлат муассасасининг ҳомиладор аёлда эндотелиал тизимининг кўрсаткичларини ҳисобга олган холда ҳомила йўқотиш синдромини ривожланиш хавфини эрта ташхислашни ишлаб чиқишга қаратилган инновацион лойиҳасига йиллик 899,9 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилиши тасдиқланди. "Кремнийли сувлари асосида янги авлодли дори воситаларининг парафармацевтик маҳсулотларини ишлаб чиқиш” лойиҳасига йиллик 698,2 млн. сўм тақдим этилади. Бу лойиҳани Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази илмий жамоаси тақдим этган. Шунингдек, сурункали юрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларда буйрак дисфункциясини эрта аниқлаш ҳамда прогнозлаш учун рақамли дастурий маҳсулот ва мобил илова яратишга йиллик 500,0 млн. сўм миқдорида маблағ берилади. Мазкур учта лойиҳа икки йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган.

“Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий лойиҳалар танлови натижаларига кўра ИТКлар томонидан молиялаштиришга тавсия этилган бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳалар РЎЙХАТИ

“Олима аёллар грантлари” ташаббускор инновацион лойиҳалар танлови натижаларига кўра ИТКлар томонидан молиялаштиришга тавсия этилган бажарилиши икки йилга мўлжалланган инновацион лойиҳалар РЎЙХАТИ