Янгиликлар

Ўзбекистон ва Озарбайжон стартаплари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилмоқда

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходимлари ҳамда вазирлик ҳузуридаги «Яшнобод инновацион технопарки» ДУК раҳбарияти ва Озарбайжон Республикасининг Транспорт, алоқа ва юқори технология вазирлиги ҳузуридаги Инновация агентлигининг акцелерация ва стартапларни қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғи ҳамда инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўлими мутахассислари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликка бағишланган видеоконференция ташкил этилди.

Томонлар ҳамкорликнинг янги босқичлари ҳамда инновацион ривожланиш соҳасидаги тажриба алмашиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, икки томонлама имкониятлар муҳокамаси, айни вақтдаги стартапларнинг ривожи ва уларга давлатимиз томонидан тақдим этилаётган имкониятлар, инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, томонларнинг тезкор интеграциялашуви ҳамда тажриба алмашишнинг имкониятлари ўрганилиб, аниқ келишувларга эришилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Озарбайжон Республикасининг Транспорт, алоқа ва юқори технология вазирлиги ўртасида меморандум ҳамда аниқ йўналишлар бўйича «Йўл харита» имзоланади. Унга асосан илк босқичларда технопарклардаги мавжуд стартап лойиҳалар муаллифлари ва резидентларининг соҳалар бўйича халқаро тажриба алмашинуви амалга оширилади.

Шунингдек, тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази резиденти МЧЖ “Biotest-Lab” томонидан ташкил этилган, коронавирусни аниқлаш бўйича ПЗР тестларини Озарбайжон Республикасига етказиш масаласи муҳокама қилинди.