Янгиликлар

ЮНEСКО ва Ислом тараққиёт банкининг «Ўзбекистон Республикасида тадқиқотлар ва инновацияларни таҳлил қилиш ва режалаштириш» Миллий шарҳини расмий тақдимоти ўтказилди

2020 йилнинг 27 августида ЮНEСКО ва Ислом тараққиёт банкининг «Ўзбекистонда фан, технология ва инновациянинг инклюзив тизимини мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ЮНEСКО экспертлари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари ҳамкорлигида уч тильда (ўзбек, рус ва инглиз тиллари) тайёрланган “Mapping research and innovation in the Republic of Uzbekistan” номли Миллий шарҳининг расмий тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова, Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президентининг фан, таълим ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси Ҳаят Синди, ЮНEСКО Бош директори ўринбосари Шамила Наир-Бедул, ЮНEСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Я.Хладик ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Х.Фрейзер ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ЮНEСКО ташкилотидаги доимий ваколатхонаси вакили Ф.Файзуллаев иштирок этдилар. Бундан ташқари, ушбу тадбирда халқаро ташкилотларнинг ва мамлакатимиз илмий-тадқиқот институтларининг 130 дан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

Мазкур лойиҳа Ислом тараққиёт банки ва ЮНEСКО томонидан 2019 йил декабрь ойидан бошланган бўлиб, ўтган вақт мобайнида Ўзбекистонда фан, технология ва инновация (ФТИ) тизимини ўрганиш, илмий-инновацион ривожланиш ва мавжуд инфратузилманинг долзарб муаммолари ва истиқболларини аниқлаш, шунингдек ФТИ тизимини такомиллаштириш бўйича қатор тавсиялар ишлаб чиқилди. Ўзбекистонда фан, технология ва инновациялар бўйича таҳлилий ишларни олиб боришда ЮНEСКО томонидан етакчи хорижий мутахассислар жалб этилди.

Ислом тараққиёт банки ва ЮНEСКО вакиллари "GO-SPIN" методологиясига асосланган ҳисоботнинг ўзига хослигини бунинг натижасида ФТИ соҳасидаги миллий сиёсатдаги долзарб муаммоларни аниқлаш, янги механизм ва воситаларни ишлаб чиқиш ва уларнинг илмий-инновацион ривожланишини таъминлаш воситаларини аниқлаш имкониятлари юзага келганини таъкидлади. Халқаро ташкилот вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг илм-фани ва инновацияларининг миллий таҳлили ФТИ тизимини ва сиёсатини шакллантиришда кўплаб ривожланаётган давлатларга намуна бўлади.

ЮНEСКО Бош директори ўринбосари Шамила Наир-Бедул учрашув давомида, бугунги пандемия шароитида мамлакатлар аҳолисининг соғлиғини сақлаш, пандемия таъсирларини камайтириш ва давлатлар иқтисодий аҳволини яхшилашда илм-фан ва инновациялар муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. Ушбу Миллий шарҳни халқаро ташкилотлар кўмагида тайёрланиши Ўзбекистонда юз бераётган ислоҳотларга, хусусан, фан, таълим ва инновациялар соҳасида, кўплаб етакчи хорижий давлатлар эътиборини жалб этиш билан бирга, Ўзбекистонда илм-фан ва инновацияларни кейинги ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президентининг фан, таълим ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси Ҳаят Синди хоним, мазкур лойиҳа халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга қўйилган дастлабки қадам бўлиб, истиқболда кўплаб хорижий техник кўмак маблағларини жалб қилинишига замин яратишига хизмат қилади. Синди хоним ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон илм-фани ва инновациялари халқаро ареналарга чиқишига умид билдирди. 

Тадбир якунида томонлар «Ўзбекистонда фан, технология ва инновациянинг инклюзив тизимини мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳасининг иккинчи босқичини ҳам амалга ошириш, илм-фан соҳасида ўзаро мустаҳкам ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишиб олдилар. Ушбу ҳамкорликни янада жадаллаштириш юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги, хусусан Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ташкилотидаги доимий ваколатхонаси бевосита кўмак кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.