Янгиликлар

SP-Center ва MaGIC ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Азимжон Назаров ва Малайзиянинг Глобал Инновацион ва креативлик маркази (Malaysian Global Innovation & Creativity Centre – MAGIC) ижрочи директори Зулайра Абу Бакар ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Азимжон Назаров Ўзбекистонда ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ишлаб чиқаришда инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, саноат ва мамлакат иқтисодиётининг бошқа тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон томони видеоконференцалоқа иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни амалга ошириш илмий-амалий маркази (SP-Center) фаолияти билан таништирди. Зулайра Абу Бакар, ўз навбатида, илғор хорижий тажриба, жаҳон илм-фанининг замонавий ютуқлари, ишланмалари ва технологияларига асосланган ҳолда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча соҳаларини жадал инновацион ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларни юқори баҳолади.

MaGIC Малайзиянинг Фан, технологиялар ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги инновациялар ва ижодкорликни қўллаб-қувватлаш марказларидан бири бўлиб, Малайзиянинг ривожланаётган инновацион мамлакат сифатида глобал мавқеини мустаҳкамлаш учун масъулдир. Марказнинг асосий фаолияти инновация ва технологияларни ўзлаштириш орқали стартаплар ва ижтимоий инновацияларни ўрганиш ва кучайтириш, Малайзияда барқарор тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга қаратилган. Хусусан, Марказ ташкил топгандан бери 100 мингдан зиёд стартап ва тажрибали ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 1,1 мингта дастурларни амалга оширди, уларнинг умумий қиймати қарийб 500 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 180 га яқин стартаплар муваффақиятли амалга оширилди.

Музокаралар давомида SP-Center ва MaGIC ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан тегишли шартномани имзолаш бўйича фикр алмашилди.
Томонларнинг мавжуд илмий ва инновацион салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, SP-Center Малайзия томони учун Марказий Осиё минтақасига, MaGIC эса Ўзбекистон учун Жануби-Шарқий Осиёга дарвоза бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Музокаралар якунларига кўра томонлар SP-Center ва MaGIC ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни ишлаб чиқиш ва имзолаш, шунингдек MaGIC вакилларининг жорий йилнинг 3-8 ноябрь кунлари онлайн тарзда бўлиб ўтадиган “InnoWeek.uz” – инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этиш масаласи кўрилди. Томонлар ўзаро ташриф алмашиш, шу жумладан, Ўзбекистоннинг ёш ва истиқболли вакилларини бизнес соҳасида инновацион ғояларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш учун MaGIC марказига юбориш имкониятларини кўриб чиқдилар. Олимлар Фармон лойиҳаси муҳокамасида иштирок этдилар