Янгиликлар

Атамаларни шундай киритайликки, келажак авлод олдида уялиб қолмайлик – Иброҳим Абдураҳмонов

Шу йилнинг 26 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов, вазир ўринбосарлари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари ва вазирлик ходимлари иштирок этди.

- Бугунги кунда давлат тилига ҳукумат даражасида бўлган эътибор мутлақо янги даражага кўтарилди, - деди ўз нутқида И.Абдураҳмонов. – Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрь куни пойтахтимиздаги янги анжуманлар саройида сўзлаган нутқига ва ўша куни имзоланган “«Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига эътиборингизни қаратмоқчиман. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланган бўлса, 2020 йилнинг 10 апрелида “Ўзбек тили байрами куни ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилишида она тилимизда сўзлаган нутқи мамлакатимизда кенг миқёсида давом этаётган тубдан янгиланиш, бошқача қилиб айтганда, Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган ушбу кунларда алоҳида ўрнак бўлиб янгради. Мазкур жараёнларнинг узвий давоми сифатида шу йилнинг 20 октябрь куни Президентимизнинг 6084-сонли Фармони имзоланди. Шунингдек, 21 октябрь куни Ўзбек тили байрами муносабати билан Президентимиз мамлакат халқига табрик йўллади. Ушбу байрам нафақат бутун мамлакат, балки жаҳон бўйлаб ўзбек тилида сўзлашувчи эллик миллиондан ошиқ кишиларнинг, она тилимиз ўқитиладиган хорижий олий таълим даргоҳларининг, “Ўзбек тили дўстлари клублари” аъзоларининг ва она тилимиз тараққиётига бефарқ бўлмаган кўп сонли кишиларнинг ҳам байрами бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатимиз Президентининг шу йил 20 октябрь куни имзоланган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ва унда белгилаб берилган “2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси”нинг янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнидаги муҳим аҳамиятига тўхталиб ўтди. Ушбу фармонда вазирлигимизга Фанлар академияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзбек тилининг мавқеи ва нуфузини ошириш, уни халқаро мулоқот тили даражасига кўтариш билан бирга, мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг тўлдирилган янги нашри, “Ўзбек тилининг имло луғати”, “Ўзбек тили синонимлари луғати”, “Ўзбек тили омонимлари луғати” ва бошқа ўқув луғатларини яратиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган. Фармоннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш учун тегишли семинарлар ва вебинарлар ташкил қилишимиз зарур. Биз бошқа тилларни ўрганиш муҳимлигини инкор этмаган ҳолда ўз давлат тилимизда иш юритиш, илмий ишлар ёзиш, терминларни ўзбек тилида тўғри қўллашимиз кераклигининг моҳиятини тушунишимиз керак. Атамалар масаласи жуда катта иш, мен биолог олим сифатида ҳам бунинг аҳамиятини яхши биламан. Биз бугун жорий қилган атама келажак авлодларимизда савол туғдирмасинки, унинг мукаммал муқобилини излашимиз керак. Бунинг учун олимлар, ёшлар иштирокида муҳокамалар ташкил этамиз, деб таъкидланди.

Тадбирда шунингдек, таржимонлик касбининг аҳамияти ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Фармон билан вазирлигимизга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастурини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан яратиш чораларини кўриш вазифаси юклатилганлиги таъкидлаб ўтилди. Тадбир сўнгида И.Абдураҳмонов ҳар бир ходимнинг давлат тилида иш юритиш бўйича масъулиятларини яна бир бор эслатди ва Фармон билан белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича топшириқ берди.