Янгиликлар

Қурилиш материаллари республика илмий-техникавий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди

24 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси қошида ташкил этилган янги турдаги инновацион қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган республика илмий-техникавий кенгаши йиғилиши ОАВ вакиллари иштирокида очиқ тарзда ўтказилди.

Мазкур илмий-техникавий кенгаш фаолияти 2019 йилдан бери мунтазам йўлга қўйилган бўлиб, кенгаш таркиби 23 нафар профессор, фан докторлари, фан номзодларидан ташкил топган. 2019-2020 йилларда 12 та йўналиш бўйича жами 42 та инновацион лойиҳалар «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси қошидаги Илмий-техникавий кенгашда кўриб чиқиш учун лойиҳалар тақдим этилган. Танлов натижаларига кўра, умумий молиявий ҳажми 10,605 млрд. сўмлик клинкерли цемент, азбозуритдан асбест олиш, золобетон, янги боғловчилар олиш технологиясини яратиш каби 8 та инновацион лойиҳалар Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашида ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди.

Навбатдаги илмий-техникавий кенгашда юқори қаватли турар жой бинолари қурилиш учун базальт асосида қурилиш материаллари – арматура, иссиқлик сақловчи материаллар ва бошқаларни ишлаб чиқариш технологиясини яратиш лойиҳалари кўриб чиқилди. Тошкент архитектура-қурилиш институти профессори, т.ф.н. Пўлат Мирзаев ҳамда «Ёшлар инновацион маркази» давлат унитар корхонасининг доценти, к.ф.н. Махамаджон Ахмадалиев ўз инновацион лойиҳаларининг тақдимотини ўтказдилар. иккала лойиҳада ҳам базальт хом ашёсидан олинадиган қурилиш материаллари тўғрисида сўз борди.

Таъкидлаш жоизки, базальт асосий эффузив тоғ жинси бўлиб, магматик турдаги тоғ жинсларининг энг кўп тарқалгани ҳисобланади. Базал экологик зарарсиз материаллар сирасига киради, сифатнинг асосий критериялари бўлган оловга бардошлилик ва ёнғинга хавфсизлик, ҳароратга чидамлилик, кислотага чидамлилик, қиздиришда газ ажралмаслиги, паст зичлик ва ўзгарувчан ҳароратлар ва иқлим шароитларида узоқ муддат хизмат қилиши билан бошқа минераллардан устунликка эгадир. Бу минерал толанинг афзаллик томони тоғ жинсидан олинганлигидадир.

Илмий-техник кенгаш аъзоларининг якдил фикрига кўра мазкур лойиҳа муаллифларининг тақдимотларида камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Базальтнинг қурилиш соҳаси учун зарур хусусиятларини яратиш технологиясини ишлаб чиқишга қаратилган мега-лойиҳа ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди. Ушбу топшириқни бир ой муддатда амалга ошириш учун Қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган республика илмий-техникавий кенгаши аъзолари ва бошқа мутахассислардан тузилган ишчи гуруҳ ташкил этилишига келишилди.