Янгиликлар

Асосий мақсад — илм-фан натижаларини тижоратлаштириш

Бугунги кунда дунёда тўғридан-тўғри интеллектуал, ахборот, моддий-техник ва молиявий ресурсларни фаоллаштириш, шунингдек, рақобатбардош, тижорат учун истиқболли илмий ишланмаларни илгари суриш мақсадида яратилган кўплаб инновацион марказлар мавжудки, уларнинг асосий мақсади илм-фан ва ишлаб чиқаришни, иложи борича, уйғунлаштиришдан иборат бўлиб, бу йўлда илм талаб қиладиган маҳсулотлар бозорини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни тижоратлаштиришни кўзлаган ҳолда саъй-ҳаракат қилмоқдалар.

Ўзбекистон ўз тараққиётининг асосий мезони сифатида инновацион ривожланиш стратегиясини танлади. Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши бу йўналишдаги дастлабки қадамлардан бири бўлганини алоҳида эътироф этиш керак.

Инновациялар замонавий иқтисодиётда узоқ муддатли рақобатбардошликни таъминлашнинг асосий омили ҳисобланади. Айни пайтда дунёнинг барча иқтисодий ривожланган мамлакатларида миллий иқтисодётнинг самарали ривожланишида инновацион фаолият асосий аҳамият касб этмоқда. Илм-фан натижаларини тижоратлаштириш инновацион фаолиятнинг асоси ҳисобланади.

Айни шу мақсадларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий Маркази ташкил этилди. Марказ фаолиятининг асосий йўналиши ҳам илм-фан натижаларини тижоратлаштиришдан иборат бўлиб, асосий мақсад юртимиз илмий салоҳиятини иқтисодиётнинг самарали ривожланишида хизмат қилувчи бир механизм ишлаб чиқишга йўналтиришдир.

Инновациялар учун асосий замин олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасалари ҳисобланади. Айнан ушбу марказларда инновациялар пайдо бўлади ва амалиётга жорий этилади. (Биргина мисол АҚШнинг Массачусетс технологиялар институтида ҳар йили ўртача 150 га яқин инновацион компаниялар яратилади).

Ўзбекистонда 2018 йилгача бўлган даврда олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларида илм-фан натижаларини тижоратлаштиришга қаратилган яхлит тизим мавжуд эмас ёхуд самарасиз тарзда йўлга қўйилган эди. Вазирлик ташкил этилгач, бу соҳада янгича ёндашув ишлаб чиқилди. Жумладан, олий таълим муассасаларида илмий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарларини бир вақтда тегишли йўналишдаги олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимларига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида илм-фан натижаларини тижоратлаштириш кўрсаткичи сезиларли даражада кўпайди. Хусусан, яқин йилларгача олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларининг илм-фан натижаларини тижоратлаштириш натижасида ташкил этилган компаниялар статистикаси юритилмаган бўлса, 2019-2020 йилларда бундай компаниялар 8 нафарни ташкил этди. Бу, албатта, ижобий кўрсаткич ҳисобланади. Аммо ҳозирда мазкур натижаларни янада яхшилаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Республикамизда 37 мингдан ортиқ илмий тадқиқот ва тажриба олиб бораётган ходимлар бор. Олимларнинг изланишларини кўрсатиб берадиган биринчи талабларнинг илмий ишларини нашр этиш даражасига қараб белгиланади. Бунинг сабаби, чоп этилган мақолаларни илмий жамоатчилик ўқийди ва бу нарса дунё олимларининг илмий фаоллигини кўрсатувчи индикатор саналади.

Марказ томонидан йўлга қўйилган “Proofreading Service” хизмати мазкур масалада ёш олимларга кўмак бериб келмоқда. Хусусан, олимларимиз “Scopus” базасида 2017-2018 йилда 1121 та, 2019-2020 йилда эса 2601 та чиқиш қилди. Кўрсаткичлар яхшиланмоқда. Аммо бундай салоҳият кўрсаткичларни янада яхшилаш имкони мавжудлигини кўрсатмоқда.

Халқаро кўргазмалар инновацион салоҳиятни халқаро майдонда намойиш этишнинг яна бир самарали усули саналади. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркалари доирасида 2016 ва 2017 йилларда 8 млн. АҚШ долларига тенг шартномалари имзоланган бўлса,  2018 ва 2019 йиллар “InnoWeek.Uz” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ташкил этилган тадбирларда умумий ҳисобда 330 млн. АҚШ долларига тенг инвестиция шартномалари имзоланди.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, технологиялар трансфери инновацион фаолиятнинг асосларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда олиб борилган амалий ҳаракатлар натижасида 2019 йилда Ўзбекистон Осиё ва Тинч океани ҳудуди бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази (ОТТТМ) аъзолигига қабул қилинди.

Бутун дунёда коронавирус пандемияси туфайли давом этаётган эпидемиологик вазият аввалдан белгиланган режаларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади, аммо Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошланган амалий ҳаракатларни изчил давом эттиради ва бу орқали юртимизнинг инновацион салоҳиятини кўтаришда 
ўз ҳиссани қўшади.

Шаҳобиддин ШАРИФОВ,
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги 
Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори
.