Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳайъати илк бора ОАВ вакиллари иштирокида очиқ тарзда ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳайъатининг 2020 йил 19 октябрда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши илк бора ОАВ вакиллари иштирокида очиқ тарзда ўтказилди. Ҳайъатга Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди.

Йиғилиш аввалида Иброҳим Абдураҳмонов миллий илмий-тадқиқотлар ва ишланмаларни молиялаштиришда ҳозирги танлов тизими, яъни грант тизимидан фойдаланишнинг афзалликлари ва унинг қай йўсинда ишлаши ҳақида маълумот берди.

— Грант тизими нафақат малакали илмий экспертиза орқали истиқболли лойиҳаларни саралаб олиш, балки илмий-тадқиқот ишларининг сифатини назорат қилишнинг самарали воситасидир, – деди И. Абдураҳмонов. – 2018 йилдан бери Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги тизими - грант тизими йўлга қўйилган. Бугунги кунда илмий лойиҳалар учун мавзулар манфаатдор идоралар ва муассасаларнинг таклифлари ва талабларига асосан шакллантирилмоқда. Бунда лойиҳанинг натижадорлигига, муайян якуний маҳсулот олинишига ҳамда тижоратлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Шунингдек вазир бугунги кунда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилаётган маблағлар, тадқиқотчиларнинг маошидан ташқари ижрочи-ташкилотнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам етишини таъкидлади. Вазирлик лойиҳаларнинг танлов тамойили асосида саралаб олинишини ташкил этаркан, лойиҳани қабул қилиш, ўрганиш ва қарор чиқариш занжирининг ҳар бир босқичи бир-бирига боғлиқ бўлмаган ва бир-бирига таъсир кўрсата олмайдиган мустақил жараёнлардан иборат бўлишини таъминлади.

Шундан сўнг лойиҳалар танловлари натижаларига кўра молиялаштиришга тавсия этилган амалий ва инновацион лойиҳалар муҳокама этилди. Муҳокамада ҳар бир лойиҳа алоҳида кўрилиб, Ҳайъат раиси ва аъзоларининг саволларига лойиҳани ҳимоя қилаётган тегишли илмий техник кенгаш раиси ёки раиси ўринбосари жавоб берди. Ҳар бир лойиҳа алоҳида овоз бериш йўли билан тасдиқланди ёки рад этилди.

Хусусан мазкур йиғилишда «Олима аёллар грантлари» ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танлови натижаларига кўра 6 та ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Буюк Британиянинг «Company Petromaruz Limited» компанияси ҳамкорлигида эълон қилинган инновацион лойиҳалар танлови натижаларига кўра 2 та лойиҳа кўриб чиқилди.

Муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг жами 6 та лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди, 1 та лойиҳа вазирлик Жамоатчилик кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этишга қарор қилинди, 1 та лойиҳа «Тиббиёт фанлари» бўйича ИКТга қайта ишлаш учун қайтарилди.