Янгиликлар

Ойбек Норинбоев: “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш зарур!”

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Ўзбекистон Республикасида аудит, бухгалтерия ҳисобини ривожлантириш ва МҲХСни қўллашнинг долзарб масалалари» мавзусида Республика онлайн илмий амалий анжумани ўтказилди.

Тадбирни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбай Шарипов очиб, анжуманда кўриладиган масалалар, жумладан Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби ва аудитни халқаро стандартлар асосида ташкил этишнинг устувор масалалари, хўжалик юритувчи субъектларда солиқлар ҳисоби ва ҳисоботини такомиллаштириш йўналишлари, давлат секторида бюджет ҳисоби, ички назорат ва аудит тизимини такомиллаштириш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш, тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби ва аудитни ташкил этишнинг долзарб масалалари ҳамда рақамли иқтисодиёт шароитида хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиш услубиётини такомиллаштириш бўйича иштирокчиларни таништириб ўтди.

Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев ўзининг табрик сўзи билан иштирок этди ва мавзу доирасида ўзининг фикрларини билдирди.

Хусусан, О.Норинбоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4611-сонли Қарорининг аҳамияти ва бугунги кундаги миллий ҳисобчиликнинг анъанавий тизимдан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)га ўтишнинг зарурлиги хусусида тўхталди.

Шунингдек, О.Норинбоев иқтисодиётнинг глобаллашуви шароитида турли мамлакатларда сифатли, таққосланадиган ва ишончли ҳамда уйғун ахборотларни шакллантиришда ягона ёндашув ҳисобланадиган Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтилиши хорижий инвесторларни зарур ахборот билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтиришга, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳалари мутахассисларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлашни янада яхшиланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошқарма бошлиғи Х.А.Ортиқов «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш» мавзусида, Ўзбекистон Республикаси бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси раиси, и.ф.д., профессор М.М.Тўлахўжаева “Ўзбекистонда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида иқтисодий хавфсизликни мониторингининг аудити ва молиялаштиришнинг ташкилий асослари” мавзусида, Ўзбекистон Аудиторлар Палатаси Кенгаш раиси, иқтисодиёт фанлари доктори Н.Ф.Каримов «Ўзбекистон Республикасида халқаро аудит стандартларини жорий қилиш масалалари» мавзусида ҳамда Россия Федерацияси УФА давлат нефть-техника университети Корпоротив молия ва ҳисоб технологияси кафедраси катта ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари номзоди Евгений Шамонин «Иқтисодиётни глобал рақамлаштириш: режалар, ҳақиқат ва истиқболлар, Россия Федерацияси солиқ тизими мисолида» мавзусида маърузалар қилишди.