Янгиликлар

Робототехника бўйича халқаро онлайн мусобақада иштирок этинг!

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан ҳар йили «InnoWeek» инновацион ҳафталиги доирасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Robotics Challenge IRC мусобақасининг навбатдаги беллашувлари 2020 йилнинг 3-8 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Роботехника бўйича ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур мусобақа глобал пандемия муносабати билан илк бора онлайн ташкил этилмоқда. Бундай катта мусобақанинг онлайн тарзда ўтказилиши ёшларнинг бевосита мулоқотини чекласа-да, лекин иштирокчиларнинг қатнашиши, ўйнааши ва ғолиб бўлиши учун учун кенг имкониятларни яратади. Макон тушунчаси мавхумлашади, истаган жамоа хоҳлаган жойидан мусобақаларда қатнашиб, ўз кучини синаш имконига эга бўлади!

Халқаро миқёсда илк маротаба ёшлар ўртасида онлайн тарзда мулоқот майдонини яратиш, инновацион технологиялар билан ишлаш кўникмаларини ошириш, илмий-техник ижодкорликни ривожлантириш, мамлакатимизда робототехника спортини оммалаштириш ва халқаро майдонда буни намойиш қилиш мазкур тадбирнинг бош мақсадларидандир

Мусобақа доирасида турли хил йўналишларда инновацион лойиҳалар тақдимоти, тренинглар, халқаро робототехника мусобақалари онлайн тарзда бўлиб ўтади. Мусобақада иштирок этиш истагида бўлган ёшларнинг аризалари www.robochallenge.uz расмий сайти орқали қабул қилинади.

Мусобақанинг расмий сайтида барча маълумотлар бериб ўтилган, у ерда исм шарифингиз, туғилган йилингиз ва санаси ҳамда фуқаролигингизни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки гувоҳнома нусхаси) фотосурат ва мобил рақамингизни тўлиқ ва тўғри кўрсатишингиз лозим. www.robochallenge.uz

International Robotics Challenge IRC онлайн мусобақаси 4 йўналишда ўз ишини олиб боради.

Фалакдан нарвон - Stairway from Heaven (8-12 ёш)

Мўри - Chimney (13-16 ёш)

Келажакни қуриш - Build the Future (8-14 ёш), (14-30 ёш)

Роботлар оламига саёҳат - Journey to the world of robotics

Онлайн мусобақада иштирок этиш истагидаги талабгорлар мусобақа йўналишларини танлаши лозим.

Бизга қўшилинг, беллашинг ва ғолиб бўлинг!