Янгиликлар

Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог Ғайратдин Хўжаниязов вафот этди

Ўзбекистон Қаҳрамони, тарих фанлари номзоди, профессор Ғайратдин Хўжаниязов вафот этди. 

Ғайратдин Хўжаниёзов 1948 йили Қораўзак туманида туғилган. 1972 йили Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиалининг Н.Давқораев номидаги Тарих, тил ва адабиёт институтининг археология бўлимига ишга кирган. Кейинчалик Москва давлат университетида, Москвадаги Фанлар академиясининг Археология институтида тажриба орттирган.

1994 йилдан бошлаб ФА Қорақалпоғистон бўлими тасарруфида янги очилган Тарих, археология ва этнография институтининг археология бўлими дастлаб илмий ходим, сўнгра бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. У шу кунга қадар ФА Қорақалпоғистон бўлими гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг археология бўлими мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Археолог Қорақалпоғистондаги кўплаб тарихий ҳудудлардаги археологик ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган ва экспедицияларга раҳбарлик қилган.

Унинг илмий меҳнат фаолияти давлат томонидан муносиб баҳоланган. 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган бўлса, 2008 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган, 2014 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгашига депутат, 2015 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси этиб сайланган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси ва раҳбарияти Ғ.Хўжаниязовнинг бевақт вафоти муносабати билан унинг яқинлари ва ҳамкасбларига чуқур ҳамдардлик билдиради.