Янгиликлар

Қорақалпоғистонда ДМC инновацион клиникаси Беруний филиали очилиш маросими бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 17 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида ДМC кўп тармоқли инновацион клиникасининг филиали расман очилди. Мазкур клиника Ўзбекистон Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги ДМC Инновацион Клиникасига ташрифи давомида унинг тажрибасини тарқатиш, юқори сифатли, замонавий тиббий ёрдамни республиканинг энг чекка ҳудудларига етказиш тўғрисидаои топшириғига асосан ташкил этилди.

Клиниканинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўоинбосари Жусипбек Казбеков, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Атаджан Хамраев, Беруний тумани ҳокими Сапарбаев Отабек Худойбергенович, DMC клиника раҳбари Зулфия Рузметова, нуронийлар сўзга чиқди. Тадбирда ЎзР Президенти ҳузуридаги Халқаро Оролбўйи инновация маркази директори, Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари, депутатлар, етакчи шифокорлар, ОАВ вакиллари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди шахслари, нуронийлар ва бошқалар иштирок этди.

- Ҳозирги вақтда мамлакатимизда улкан иқтисодий ва илм-фан тараққиёти йўлидаги янгиликлар инновацион ғояларга асосланган ҳолда амалга оширилмоқда, - деди И.Абдураҳмонов. - Шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам инновацион ғояларга асосланган бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда эса мана шундай ишлардан бири – Беруний DMC инновацион клиникаси яққол мисол бўла олади. Беруний DMC инновацион клиникаси Қорақалпоғистон Республикасида биринчилардан бўлиб очилаётган кўп тармоқли инновацион клиника ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу клиника Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш тизимига янги технологиялар ва инновацияларни олиб кирди деб айтсак хато бўлмайди. Клиникага энг сўнгги турдаги замонавий тиббиёт ускуналари ўрнатилган, клиника биноси эса ҳеч қандай клиникаларни такрорламаган тарзда қуриб битказилган. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Беруний DMC инновацион клиникаси соғлиқни сақлашнинг бир неча йўналишлари, яъни кардиология, офтальмология, лор, ортопедия, стоматология, клиник лаборатория ва инструментал текширувлар каби йўналишлар бўйича, жаҳон стандартларига мос равишдаги юқори даражали тиббий хизматларни кўрсата олади. Шунингдек, клиникада жарроҳлик бўлимининг мавжудлиги фуқароларга шу жойнинг ўзида малакали тиббий ёрдам олиш имкониятини яратади.

Клиниканинг пастки қаватида турли хил тадқиқотлар ўтказиш имкониятини берадиган замонавий ускуналар ва юқори самарали анализаторлар билан жиҳозланган шифокорлар хонаси ва клиник-биокимёвий хона мавжуд. Ҳар бир шифокорнинг иш жойи замонавий компьютер билан жиҳозланган. Компьютерларда тиббиёт муассасалари учун махсус дастур мавжуд. Компьютерлар ягона маҳаллий тармоққа ва интернет орқали марказлаштирилган маълумотлар базасига эга бўлиб, у Тошкент шаҳридаги ДМC клиникасида серверда жойлашган.

Замонавий ускуналар ва юқори самарали анализаторлар билан жиҳозланган клиник ва биокимёвий лаборатория турли тадқиқотлар ўтказиш имконини беради. Шуни таъкидлаш керакки, тадқиқот учун фақат юқори сифатли, сертификатланган реактивлардан фойдаланилади.

Клиниканинг иккинчи қаватида жаррохлик бўлими мавжуд бўлиб, унга иккита жаррохлик хонаси, жаррохликдан сўнг тикланиш хонаси ва бошқа зарур хоналар киради. Жаррохлик хоналарида барча керакли кўз жаррохлигига оид асбоб ускуналар ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

Клиника фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 1 йилда 5000 дан ортиқ беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда 800 дан ортиқ беморларга жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти яратилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Беруний DMC инновацион клиникасининг бундан кейинги ҳамкорликдаги фаолияти соғлиқни сақлаш тизимидаги инновациялар, илм-фан ва техника ютуқларини юқори чўққиларга олиб чиқишда ҳамда аҳоли саломатлигини яхшилаш борасида хизмат қила олади.