Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбуйи халқаро инновация марказининг 2018-2020 йиллардаги иш фаолияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 октябрдаги №3975 сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбуйи халқаро инновация маркази ташкил қилинди. Кўпчиликка маълум, миллий даражада Ўзбекистон Орол денгизининг қуриши оқибатида атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий оқибатларга қарши курашиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб оқ Орол бўйи аҳолиси Ўзбекистон раҳбариятининг катта қўллаб-қувватлашини ҳис қилишди. Ўзбекистон ҳукумати Оролбўйи аҳолисининг ижтимоий ҳолатига доимий эътибор қаратмоқда.

Бунинг исботи сифатида - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказнинг ташкил этилишини кўриш мумкин. Муҳтарам юртбошимиз ва Ўзбекистон ҳукуматининг ҳар томонлама кўмаги туфайли Марказ фаолияти бугунги кунда жадал ривожланиб бормоқда ва бугун ташкил этилганлигининг икки йиллигини нишонламоқда.

Марказнинг асосий вазифалари Орол денгизи қуриган тубида шўрланган ерларда экотизим ва барқарор турмуш даражасини таъминлаш, халқаро ташкилотлар билан шўрланган ҳудудда турли хил муаммоларнинг ечимларини ва инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича ҳамкорликни ташкил этиш, синовлар ўтказиш учун экспериментал майдонларни яратиш, инновацион технологиялар ва ёндашувларни, жумладан, агроўрмон мелиорацияси, саҳрони дарахтзорга айлантириш, сув ости экинлари, биоэнергетика, экинлар диверсификацияси, комплекс экинларни етиштириш, чорвачилик, яйловларни ривожлантириш, қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш, Орол қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасини экологик соғломлаштириш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантиришдан иборат.

Нукус тумани ҳудудидан Марказнинг идораси, лаборатория, замонавий меҳмонхона қурилиши ва илмий-тадқиқот тажрибаларини олиб бориш мақсадида доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 24,34 га ер майдони ажратиб берилди. Оролбўйи халқаро инновация Марказига ажратилган бино 2019 йилда тўлиқ қайта таъмирланиб, Марказ ўз фаолиятини янги замонавий иморатда олиб бормоқда. Яқинда лаборатория ва замонавий меҳмонхона қурилиши бошлаб юборилди.

Юбилей бу нафақат навбатдаги сана, балки бу яна бир босқич, амалга оширилган ишларни баҳолаш, сарҳисоб қилиш ва янги узоқ муддатли мақсадларни белгилаш учун имкониятдир.

Ушбу қисқа вақт ичида Марказ Орол денгизи минтақасидаги экологик инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича муайян ишларни амалга оширди, шунингдек халқаро, маҳаллий ташкилотлар ва илмий-тадқиқот институтлари билан дўстона шериклик алоқаларини ўрнатди.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро Марказининг» (ICBA, БАА) кўмаги билан олти ёш мутахассис Дубай (БАА) да жойлашган ICBA нинг бош офисида ўз малакасини муваффақиятли ошириб қайтдилар.

Мўйноқ тумани ҳудудидан 20,3 гектар эр майдони ажратилиб, тажриба синов майдончаси, Орол денгизи иқлимига мос чўл ва шўрга чидамли ўсимликлар учун питомник ташкил этилди. 2019 йилда участкада 14,7 га майдонда шўрга ва чўлга чидамли, кенг баргли, бута ҳамда мойли ўсимликлардан иборат жами 13 турдаги ҳар хил ўсимликларнинг уруғлари, кўчатлари ва қаламчалари экилиб, яхши натижаларга эришилди. 2020 йилда 65 турдаги ноёб қовун навлари, 2 турдаги доривор ўсимликлар, 1100 та мевали дарахт кўчатлари ва 41000 та манзарали дарахт кўчатлари синов тариқасида экилди. Шунингдек яқинда участкада офис ва лаборатория биноси қуриш, хўжалик ичидаги йўлни капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

2019 йил октябрдан 2020 йил 1 мартгача Канаданинг маҳаллий ташаббуслар фондининг (CFLI) молиявий кўмагида Марказ томонидан “Оролбўйи аҳолисининг атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича хабардорлигини оммавий ахборот воситалари ёрдамида ошириш” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида мавзуга боғлиқ 21 та видеоролик тайёрланиб, маҳаллий телеканаллар орқали эфирга узатилди. Шунингдек ижтимоий тармоқлар орқали мавзуга оид маълумотлар аҳолига мунтазам равишда бериб борилди. Лойиҳани амалга ошириш натижасида Орол денгизи ҳавзасида 1 миллиондан ортиқ аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги хабардорлиги сезиларли даражада ошишига эришилди.

Марказ томонидан «Орол денгизидаги менинг боғим» (My garden in the Aral Sea) агро-экотуризм йўналишидаги лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ушбу лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2020 йил 12 февралдаги ПҚ-4597 сонли Қарори билан тасдиқланди. Лойиҳанинг асосий мақсади чет эллик туристлар ва маҳаллий аҳолининг Орол денгизи муаммосига бефарқ бўлмасдан, унинг оқибатларини бартараф этишга, яъни Оролбуйини кўкаламзорлаштириш ишларига ўз улушини қўшишга ва шу йўл билан аҳолининг турмуш даражасини кўтаришга чорлаш ҳисобланади. Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда илк бор аҳоли томонидан кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ва краудфандинг (аҳоли томонидан молиялаштириш) платформаси яратилди. Лойиҳа, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилмоқда. Мазкур лойиҳани 2020 йил январь ойидан амалга ошиш бошланган бўлиб, лойиҳа учун «Муйноқ» тажриба-ишлаб чиқариш участкасида 1.8 га майдон ажратилди ва бугунги кунга қадар 11 турдаги жами 1100 та дарахт кўчатларини экиш ишлари амалга оширилди.

Марказ томонидан бугунги кунда, маҳаллий ва хорижий илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ва бир қатор халқаро ташкилотлар билан ўз-аро англашув, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва ҳамкорлик қилиш бўйича жами 30 дан ортиқ меморандумлар имзоланди.

Марказнинг кўп йиллик стратегик йўналишларини белгилаб олиш мақсадида, Ислом тараққиёт банки томонидан қиймати 275 минг АҚШ доллари миқдоридаги «Техник кўмак кўрсатиш» лойиҳаси молиялаштирилиб, лойиҳа бажарувчиси «KPMG Audit» МЧЖ томонидан бугунги кунда Халқаро инновация маркази фаолиятини ривожлантириш бўйича тадбирлар олиб борилмоқда.

Швейцариянинг нотижорат “LATMA-ADED” ассоциациясининг молиявий кўмагида Мўйноқ тумани «Тикўзак» ОФЙ ҳудудидаги 250 уқувчига эга №7 ўрта мактаб учун сувни чучуклантириб берувчи станция қуриб бериш лойиҳаси бошланиш арафасида турибди. Лойиҳани молиялаштириш масаласи ҳал этилган ва лойиҳа доирасида чет эллик экспертлардан иборат техник гуруҳнинг жорий йилнинг октябрь ойида юртимизга ташриф буюришиб, иш бошлаши кутилмоқда.

2020 йилда ICBA халқаро маркази (БАА) молиявий кўмагида Орол денгизи қуриган тубидан 10 хилдан ортиқ тупроқ типларини бир жойга тўплаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида лизиметрик тадқиқот майдончаси барпо этилмоқда. Лизиметрларда ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида тупроқ аэрация қатламининг сув ва тузлар мувозанати бўйича сонли қийматларгина эмас, балки жуда катта амалий аҳамиятга эга бўлган турли қимматли маълумотлар тўпланади.

2020 йилда ICBA лойиҳаси доирасида турли мамлакатлардан келтирилган киноанинг 5 та намунаси, 1 та амарант намунаси, буфел ўти, кўк тариқ, 10 та донли жўхори намуналари синовдан ўтказиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Маҳаллий ёввойи ўсимликлар флораси (туя тикан, ширин қизилмия) вакилларини маданийлаштириш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

2020 йилнинг июнь ойида, "SATREPS-2020" танловида (Япония) Орол бўйи инновация маркази томонидан, профессор Кенжи Танака ва доктор Темур Хужаназаров (Киото университети) ва Япониянинг 8 университетининг етакчи олимлари билан биргаликда ишлаб чиқилган «Оролбуйида тупроқнинг шўрланишига қарши курашиш ва ер унумдорлигини ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш учун янги технологияларни ишлаб чиқиш» мавзусидаги лойиҳа маъқулланди. Лойиҳани 2021 йилда амалга ошириш бўйича тайёргарлик тадбирлари бошланади.

Япониянинг Киото университети ўртасида имзоланган меморандум доирасида бир гуруҳ олимлар томонидан 2019 йил июль ойида Мўйноқ туманидаги тажриба участкасида мини метеостанция ўрнатилди. Ҳозирги кунда мини метостанциядан мунтазам равишда маълумотлар олиниб, таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда .

Шунингдек, 2020 йилда Оролбўйи халқаро инновация Марказининг Нукус тумани «Саманбай» участкасида ҳам дарахт ва бошқа экинларни жойлаштириш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан 67 турдаги ноёб қовун навлари тажриба-синов тариқасида экилди. Лизиметрик тадқиқот ўтказиш учун махсус майдонча қурилиши олиб борилмоқда. Ёмғир чувалчанги ёрдамида вермикомпост тайёрлаш тажрибалари ўтказилмоқда. Жорий йилда Тунис давлатининг Chahbani Technologies (CHAHTECH SA) компанияси олимлари билан ҳамкорликда янги инновацион тупроқ остидан суғориш ирригация тизимини жорий этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳани 2021 йилда БМТ ТД дастури доирасида амалга ошириш режалаштирилган.

Россия Федерациясининг И.М.Губкин номидаги давлат университети билан ҳамкорликда янги биопрепарат - тупроқ модификаторини Марказнинг «Саманбай» участкасида синовдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Германиянинг халқаро ҳамкорлик ҳамжамияти (GIZ) томонидан, 249 000 ЕВРО қийматига эга, Марказнинг «Оролбўйи халқаро инновация маркази тадқиқотчиларининг имкониятларини кенгайтириш" лойиҳаси таклиф этилиб, ҳозирги кунда Германиялик ҳамкорлар лойиҳани молиялаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Хитой Фанлар Академиясига қарашли Синсзян Экология ва география институти билан ҳамкорлик меморандуми доирасида 2021 йилда Орол денгизи минтақасида сув танқислигига мослашиш, денгизнинг қуриган тубида чўл ўсимликларидан иборат ўрмонзорлар барпо этиш каби ишлар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб боришга ихтисослашган, ўзида 4 лабораторияни бирлаштирадиган комплекс лаборатория ташкил этиш режалаштирилган.

Марказ томонидан Орол денгизининг қуриган тубида, зарур инфратузилма, шунингдек, моддий-техник база (жиҳозлар, турар жойлар, лаборатория жиҳозлари ва бошқалар) билан таъминланган 2 та илмий-тадқиқот станциясини, хусусан Орол денгизининг қуриган тубининг жанубий-шарқий қисмида, «Акбеткей» ва жануби-ғарбий қисмида «Нулевой» деб номланувчи жойида яратиш бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилди.