Янгиликлар

Президент ҳузуридаги Оролбуйи халқаро инновация маркази ташкил этилганининг 2 йиллигига бағишланган онлайн илмий-амалий конференция ўтказилди

16 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Оролбуйи халқаро инновация маркази ташкил этилганининг 2 йиллигига бағишланган онлайн илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Марказнинг чет эллик шериклари, жумладан «Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро Марказининг» (ICBA, БАА), Синсзян Экология ва география институти (Хитой), Тоттори университети (Япония), “LATMA-ADED” (Швейцария), Канада маҳаллий ташаббуслар фонди (CFLI, Канада), Марказий Осиё барқарор инновациялар Бюроси (The Central Asia Sustainable Innovation Bureau, CASIB, Қозоғистон) ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари вакиллари иштирок этишди.

Конференцияни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг биринчи ўринбосари Жусипбек Казбеков, ICBA бош директори Исмахан Элуафе ҳамда Оролбуйи халқаро инновация марказининг директор ўринбосари Мурат Ганиев очиб бердилар. Тадбир доирасида конференция иштирокчилари Оролбўйи халқаро инновация марказининг бугуни ва келажагини муҳокама қилдилар.

Инновавацион ривожланиш вазири Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида Президентимизнинг нутқида баён этилган ташаббус ва таклифларга асосланиб Оролбўйини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш чоралари кўрилаётганини айтди.

Шу билан бирга, И. Абдураҳмонов Орол денгизи ва ушбу минтақанинг тақдирига бефарқ бўлмаган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда Орол денгизи фожеаси оқибатларини бартараф этишга қаратилган “Оролбўйи – экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” Концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани ҳақида маълумот берди.

Президенти ҳузуридаги Оролбуйи халқаро инновация маркази Орол денгизи қуриган тубида шўрланган ерларда экотизим ва барқарор турмуш даражасини таъминлаш, халқаро ташкилотлар билан шўрланган ҳудуддаги турли хил муаммоларнинг ечимларини ва инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича ҳамкорликни ташкил этиш масалалари билан шуғулланади. Шунингдек, Марказ агроўрмон мелиорацияси, саҳрони дарахтзорга айлантириш, сув ости экинлари, биоэнергетика, экинлар диверсификацияси, комплекс экинларни етиштириш, чорвачилик, яйловларни ривожлантириш, қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш орқали Орол қуришининг оқибатларини бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ушбу қисқа вақт ичида Марказ Орол денгизи минтақасидаги экологик инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича муайян ишларни амалга оширди, шунингдек халқаро, маҳаллий ташкилотлар ва илмий-тадқиқот институтлари билан дўстона шериклик алоқаларини ўрнатди.

Конференция иштирокчилари яқин келажакда Оролбўйи халқаро инновация маркази Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш учун ягона платформага айланиши ва шу билан Орол минтақасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдиришди.