Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири “Оролбўйи ­— экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” концепциясининг тақдимотини ўтказди

25 октябрь куни Нукус шаҳрида БМТ шафелигида юқори даражадаги “Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” халқаро конференцияси ўз ишини бошлади. Мазкур конференция Оролбўйи ҳудуди аҳолисининг турмуш даражасини ўстириш, атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга қаратилган янги, инновацион ва замонавий технологик ечимларни амалга оширишда инвестицияларни жалб этиш ҳамда ҳудудий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Конференцияда Марказий Осиё, Европа, Америка ва Осиё давлатларининг эксперт-таҳлилий доиралари вакиллари, БМТ ва унинг махсус бўлинмалари, етакчи халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларининг расмий вакиллари иштирок этмоқдалар.

Бугунги кунда Орол денгизининг 1960 йилга нисбатан 10 фоизигина сақланиб қолган бўлиб, Ғарбий денгиз майдони 2,68 минг кв. км, Шарқий денгиз майдони 1,28 минг кв.км ва Кичик (Шимолий) Орол 3,03 минг кв.км майдонни ташкил этади. Сув миқдори деярли 15 бараварга камайган.

­Сўнгги 55 йил давомида Орол денгизининг қуриган тубида Оролқум деб номланган янги чўл пайдо бўлди. Ҳар қандай бошқа чўллар сингари, Оролқумда инсон яшаши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши шароит йўқ. Иқлим ўзгариши ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий, тиббий ва экологик шароитларига янада салбий таъсир кўрсатмоқда, демак муаммони кечиктирмай тизимли равишда ҳал этиш талаб этилади. Мамлакатимизнинг аксарият қисми қурғоқчиликдан азият чекади, борган сари тупроқ сифати пасайиб, ерлар чўлга айланаётгани яна бир катта муаммоларимиздандир. Қум ва ва туз бўронлари деярли ҳар йили учрайдиган ҳодисага айланмоқда, бу эса ўз навбатида аҳоли саломатлигига салбий таъсир этмоқда, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини камайтирмоқда.

Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Оролбўйи ­— экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” концепциясининг тақдимотини ўтказди.

­— Мазкур концепциянинг асосий мақсади ­­— экологик муаммолар зонаси деб қараладиган Орол денгизи ҳудудини экология соҳасидаги инновациялар ва технологияларни қўллаган ҳолда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашдир, ­— деди И. Абдураҳмонов. ­— Ушбу концепциянинг амалга оширилиши маҳаллий аҳоли ҳаёт тарзини ижобий томонга ўзгартиради, экотизимни тикланишига олиб келади, Оролбўйи минтақаси фауна ва флорасининг хилма-хиллигини оширади.

Концепция қуйидаги тамойиллар асосида ишлаб чиқилган:

­- давлат-хусусий шерикчилик каби институционал инновацияларни жорий этиш, ҳамкорликнинг барча турларини илгари суриш учун қонунчилик базасини яратиш, экологик муаммоларни ҳал қилишда марказлаштирилган тизимдан воз кечиш ва жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш;

­- иқтисодий ва молиявий инновациялар — инновацион бизнес-моделларга асосланган; яшил ва даврий иқтисодиёт (чиқиндисиз, тикланувчи, самарали); ташаббуслар учун молия маблағлари (масалан, айланма жамғармалар, микромолиялаштириш, экологияга доир молиялаштириш);

- Сиёсий ва ҳуқуқий инновациялар ­ — даромадни ва турмуш даражасини оширишга, қишлоқ хўжалигини ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган сиёсат; қарорлар қабул қилишда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳам инобатга олиш.

Инновацион ривожланиш вазири “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” учун ҳуқуқий-меъёрий база ва молиялаштиришнинг инновацион тизимини яратиш, Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди учун доимий илмий платформани ташкил этиш таклифини берди. Шунингдек, “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди”да фаолият юритувчи малакали ходимларни тайёрлаш, етакчи университетлар ва илмий марказлар билан алоқалар ўрнатиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, жамоатчилик, халқаро иқтисодий институтлар, хорижий ҳамкорларни лойиҳалар, амалга оширилаётган ишлар ва режалар билан таништириб бориш учун “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди”нинг сайти яратилиши лозимлиги айтиб ўтилди.