Янгиликлар

Қуёнчилик соҳасига инновацион технологияларни жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилнинг август ойидаги қарорига асосан Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида “Қуёнчилик селекцияси ва генетика маркази” ташкил этилган бўлиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Марказ фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиб келмоқда.
2020 йил 23 январь куни Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражаббаев бошчилигида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Қуёнчилик селекцияси ва генетика маркази фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Қуёнчилик соҳасида селекция-наслчилик ишларини такомиллаштириш ва рақобатбардош маҳаллий технологиялар яратиш, генетика ишларини ривожлантиришга йўналтирилган илмий тадқиқотларни бажариш Марказнинг асосий вазифаларидан саналади.
Учрашувда Марказ фаолиятини такомиллаштириш, белгиланган вазифаларнинг талаб даражасида бажарилишини таъминлаш, мутахассис кадрларни жалб қилиш, уларнинг малакасини ва илмий салоҳиятини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди ва тадбирлар белгилаб олинди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида тайёрланган таклифлар асосида АТ “Микрокредитбанк” томонидан Марказга замонавий лаборатория ускуна ва жиҳозларини харид қилиш учун 64,0 минг доллар миқдорида маблағ ажратилмоқда.
Марказ томонидан қуёнчилик акселерацион марказини ташкил этиш инновацион инвестицин лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу марказда Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси, Россия Фанлар академиясининг Муйначилик ва қуёнчилик илмий-тадқиқот институти ва Москва Қишлоқ хўжалиги академияси (Темирязов номидаги Москва қишлоқ хўжалиги институти) билан ҳамкорликда қуёнчилик селекцияси ва кейинги босқичда қуёнчилик генетикаси ишлари олиб бориш режалаштирилмоқда.

Соҳага илғор хорижий тажрибалар, илмий асосланган, инновацион ғояларни жорий қилиш ҳамда генетик тадқиқотлар олиб бориш бўйича хорижий давлатлар (Франция, Беларусь, Россия, Германия, Венгрия, Италия) нинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатилади.
Бугунги кунда Марказ ходимларининг 5 нафари илғор хорижий компанияларда малака оширишларига тайёрланмоқда.
Марказ томонидан қуёнларнинг сермаҳсул зотлари ва дурагайларини кўпайтириш бўйича ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган селекция-наслчилик концепцияси ҳамда амалий тадбирлар комплекси ишлаб чиқилмоқда.

Муҳокама давомида Марказ биносини таъмирлаш, илмий-амалий тадқиқотлар мавзуларини ишлаб чиқиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.