Янгиликлар

Иброҳим Абдураҳмонов: “Тарихий мурожаатномани амалга ошириш учун бир ёқадан бош чиқаришимиз керак!”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 январдаги Олий мажлис палаталарига Мурожаатномаси тарихий мурожаатнома бўлди. Президентимиз маънавиятга, тарбияга ва илм олишга алоҳида урғу бердилар. Шунингдек, олдимизда машаққатли йўл турганини айтиб, барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради, деб айтдилар.

Илмга, билим олишга интилиш ва бирлашиш мурожаатноманинг асоси бўлди — садоқат, ватанни севиш, маърифатга ва тарбияга катта эътибор бердилар. 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб аталаркан, давлатимиз раҳбари олдимизга қатор вазифаларни қўйдилар. Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фаннинг барча йўналишини қамраб олган. Вазирлигимиз илм билан профессионал, жиддий шуғулланувчи, олимлар ва тадқиқотчиларга шароитлар яратиб бериши зарур. Илм оламан, олий маълумотли бўламан, деган одам борки, барчасининг билим олишига, ўсиб-унишига шароит яратилиши керак. Албатта, бу жуда катта марра, катта марраларга етишиш босқичма-босқич амалга оширилади. Шунинг учун мазкур Мурожаатномада Президент 3 та устувор йўналишни белгилаб бердилар, булар — математика, кимё-биология, геология фанларидир. Нима учун айнан шу йўналишларга алоҳида эътибор берилмоқда? Сабаби бу соҳаларда аввалдан илмий мактабларимиз мавжуд бўлган, ҳозир ҳам улар сақланиб қолган. Мана шу соҳаларда дунёга танилган олимларимиз бўлган. Улар яратган мактаблар аста-секин йўқолиб бораётгани сабабли Президентимиз мана шу мактабларни тиклаймиз, уларни янада ривожлантирамиз деган улуғ вазифани олдимизга қўйдилар.

Аслида, айнан қайси йўналишларга кўпроқ эътибор қаратилиши керак, қайси соҳаларни шиддат билан ривожлантиришимиз керак деган масаланинг ўзи қийин. Ахир илм-фаннинг турли йўналишларида фаолият юритаётган кўплаб олимларимиз бор. Шундай бўлишига қарамай, илк бора давлатимиз раҳбари шу уч йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилишини белгилаб бердилар. Нима учун математика? Чунки математика рақамли иқтисодиётнинг асоси. Рақамли технологиялар эса барча бошқа соҳаларнинг ривожи учун керак, медицина, қишлоқ хўжалиги, ҳатто ўша геология соҳасида сунъий йўлдош орқали қазилма бойликларини аниқлашда, мудофаа соҳасида, маданий меросларимизни ўрганишда ҳам рақамли технологиялар керак. Дейлик. қадимги қўлёзмаларни рақамлаштирилгандан кейингина уни олимлар ўрганишлари ёки кенг оммага тақдим этиш имконияти пайдо бўлади. Акс ҳолда асрлар давомида сақланиб келинган қўлёзмалардан айрилиб қолишимиз турган гап. Ҳар қандай ахборотни сифатли ва тезкор етказиб беришнинг асосида рақамли технологиялар ётади.

Шунингдек, инновацяларнинг юраги ҳам рақамли технологиялардир. Бундан ташқари айнан рақамли иқтисодиёт шаффофлик ва ошкораликни таъминлайди, коррупциянинг олдини олади. Президентимиз мурожаатларида “ҳалоллик вакцинаси” деган иборасини қўлладилар. Назаримда, айнан рақамли технологиялар, сунъий интеллект айни даврда ҳалоллик вакцинаси бўлиб хизмат қилади. Жорий йилнинг рақамли иқтисодиётнинг ривожлантиришга қаратилишининг ўзи коррупцияга, эринчоқликка, лоқайдликка, борингки, хоинликка қарши “вакцина” бўлишига умид қиламан. Яна илм-маърифатнинг ўзи ҳам табиий “ҳалоллик вакцинаси”дир, негаки маърифатли, билимли одам ҳаромга аралашмаслигига ишонаман.

Шу ўринда илм, маърифат, рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор бир кунда шаклланмаганига ҳам эътибор қаратишимиз даркор. Бу жараёнга давлатимиз уч йилдан бери тайёргарлик кўриб келяпти. Шу пайтгача юртимиз фарзандлари учун ахборот технологиялари, математика, физика, астрономия, биология соҳаларида чуқурлаштириб ўқитиладиган махсус мактаблар, иқтидорли ўқувчилар учун Президент мактаблари очилди. Илм-фанга эътибор кучайтирилди. Фан докторлари, номзодлари, университет ўқитувчиларининг маошлари оширилди. Уларнинг илм-фан билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилиб, илмий лойиҳалар учун ажратиладиган грант маблағлари суммалари бир неча бараварга ортди.

Илмий лабораторияларни замонавий ускуналар билан таъминланмоқда, ёш олимлар хорижда стажировкалар ўтаб келмоқдалар. 2020 йилдаги вазифаларимиздан бири илм-фанни молиялаштиришни 0,2 фоиздан 0,8 фоизга кўтариш. Бунда биз нафақат бюджет маблағлари, балки хорижий ташкилотларнинг имтиёзли кредитлар хусусий сектор маблағларидан фойдаланишни режалаштирганмиз. Шунингдек, жорий йилда ҳудудларда илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Энди пойтахтдан ташқарида фаолият юритаётган олимлар учун ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиб, бажарилади. Ҳозирда Ўзбекистонда 3G лабораториялар фаолият юритмоқда, 2020 йили 5G миллий лабораторияларини ташкил этамиз. Бу лабораториялар пойтахтда эмас, республикамизнинг турли шаҳарларида яратилиши эътиборга моликдир. Илм-фаннинг янги йўналишларини юртимизда ривожлантириш борасида ишларни ҳам амалга оширишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, илмий тадқиқот институтлари ва марказларини халқаро аудити ўтказилади.

Буларнинг бари Президентимизнинг мурожаатларидан келиб келиб чиқиб олдимизга қўйилган вазифаларнинг бир қисми холос. Олдинда “Инновацион фаолият” ва “Стартаплар” тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам турибди. Президентимизнинг мурожаатларидаги ишларнинг бажаришимизда олимлар, тадқиқотчилар, ихтирочилар, стартапчилар, инновацион тадбиркорлик билан шуғулланишга бел боғлаган бизнес вакиллари билан ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланишини тилайман. Ватанимиз ва халқимиз олдида олдимизга қўйилган вазифаларни амалга оширишда юзимиз ҳамиша ёруғ бўлсин!

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири