Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими олимлари билан учрашди

16 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимига ташриф буюриб, академиклар, олимлар ва тадқиқотчилар билан учрашув ўтказди. Учрашувда Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими ва унинг тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасалари олимлари томонидан амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни самарали бошқарилиши масалалари муҳокама этилди. Юртимизнинг интеллектуал, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни шакллантириш, бажарилаётган лойиҳаларнинг сифатини таъминлаш бўйича мавжуд муаммолар ўрганилди, уларни ечиш бўйича тавсиялар берилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган умумий қиймати 7,2 млрд. сўмлик жами 23 та, шундан, 1,7 млрд. сўмлик 4 та фундаментал, 5,5 млрд. сўмлик 13 та амалий лойиҳалар бажарилмоқда. Шундан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоқ бўлими томонидан умумий қиймати 2,9 млрд. сўмлик жами 7 та, шундан, 1,5 млрд. сўмлик 2 та фундаментал, 1,4 млрд. сўмлик 5 та амалий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, илмий фаолиятга доир давлат дастурлари доирасида эълон қилинадиган лойиҳалар танлови доирасида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан умумий қиймати 2,4 млрд. сўм бўлган 2 та тематик мавзу эълон қилинган.