Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази инфратузилмаси ривожлантирилмоқда

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 15 октябрь куни Нукус шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг раҳбар ўринбосарлари ва мутахассислари билан учрашди.  Учрашув давомида Марказининг фаолияти, хусусан «Саманбай» тажриба-синов майдонидаги қурилиши ишлари муҳокама қилинди.

Нукус тумани ҳудудида Марказ жойлашган бино ёнида ҳозирда лаборатория ва замонавий меҳмонхона қурилиши бошланган. Мазкур иншоотлар мутахассисларга, хусуссан хорижий экспертлар билан ҳамкорликда синовлар ўтказиш, инновацион технологиялар ва ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади. Бу ўз навбатида Орол денгизи қуриган тубида шўрланган ерларда экотизим ва барқарор турмуш даражасини таъминлаш, Орол қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасини экологик соғломлаштиришга ёрдам беради.

Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан маҳаллий ва хорижий илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ва бир қатор халқаро ташкилотлар билан ўз-аро англашув, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва ҳамкорлик қилишга қаратилган жами 30 дан ортиқ меморандумлар имзоланган. Мана шу меморандумлар бўйича ишлар ташкил этилиши учун муайян инфратузилма талаб этилади. Марказда олиб борилаётган бугунги ишлар шу мақсадга ҳам хизмат қилади.