Янгиликлар

Инновация йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Соҳаларга инновацион ғояларни олиб кириш, тегишли лойиҳаларни амалга ошириш ва стартаплар экотизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги Элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг “Routern.com” компанияси раҳбари Чандракант Шарма билан учрашув ўтказилди.

Қайд этиш лозимки, Чандракант Шарма бошчилигидаги “Routern.com” жамоаси 2018-2019 йилларда Ўзбекистонга ташриф буюриб, тегишли вазирлик ва идораларда музокаралар ўтказган. 2019 йил октябрь ойида эса Чандаркант Шарма Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳиндистондаги фахрий элчиси этиб тайинланди.

Учрашув давомида ҳозирга қадар қўйилган амалий қадамлар сарҳисоб қилиниб, яқин келажакда бажарилиши зарур бўлган қўшма лойиҳалар таҳлил қилинди ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Ч.Шарма бутун дунёда ҳукм сураётган пандемия шароитида рақамли технологиялар, билимлар ва замонавий ахборот технологияларига бўлган талабнинг бир неча маротаба ошганлигини таъкидлади. Бу борада “Routern.com” компанияси вакили билан туризм, масофавий таълим, республикамиз тадбиркорлари, жумладан ҳунармандлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни онлайн савдо платформалар орқали кенг тарғиб этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

“Routern.com” компанияси 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, ўз фаолиятини туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан бошлаган. Ҳозирга қадар “Routern.com” компанияси «Citi Bank», «Morgan Stanley», «HP» ва «Google» каби қатор етакчи компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатган.