Янгиликлар

Ўзбекистонда Водород энергетикаси технологиялари маркази ташкил этилади

 

Водород энергетикаси йўналишидаги тадқиқотларни ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Водород энергетикаси технологиялари илмий-амалий инновацион марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Фанлар академиясининг:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти таркибида, юридик шахс мақомига эга бўлмаган, “Водород энергетикаси технологиялари илмий-амалий инновацион маркази”ни ташкил этиш;

Марказни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институтининг Тошкент вилояти Паркент тумани, Катта қуёш қурилмаси қўрғони манзилида жойлашган биносининг “В” блокида жойлаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

мужассамлашган қуёш энергияси воситасида термокимёвий усул билан сувни парчалаш орқали экологик соф “яшил водород” олиш технологияси ва услубларини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электролиз усули билан водород олиш технологиясини такомиллаштириш;

нисбатан паст ҳароратларда водород олиш учун янги турдаги нанокатализаторлар яратиш бўйича илмий изланишлар олиб бориш;

водород газини хавфсиз сақлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш технологияларини ишлаб чиқиш;

ёқилғи элементларида водородни тўғридан-тўғри электр энергиясига айлантириш технологиялари бўйича тадқиқотлар олиб бориш;

водород газини соф ва аралашма ҳолида ёқилғи сифатида ишлатишнинг истиқболли ва хавфсиз технологияларини ривожлантириш, рентабеллилигига эришиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш.

Президентнинг 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сон қарори 3-иловасининг 8-бандига мувофиқ капитал таъмирлаш ишларига ажратилган 801,8 млн. сўм маблағ Материалшунослик институтининг Паркент туманида жойлашган Катта қуёш қурилмаси объекти ҳудудида Марказ учун ажратиладиган бинони таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти 2021 йил март ойигача ўрнатилган тартибда Марказ биносини таъмирлаш ҳамда керакли жиҳозлар билан таъминлаш бўйича зарур чораларни кўради.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

2021 йил давомида Марказни 500 минг АҚШ доллари миқдорида илмий лаборатория ускуналари билан жиҳозлашни Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Марказ томонидан амалга ошириладиган илмий-амалий лойиҳаларга ажратиладиган грант маблағлари ҳисобидан молиялаштиради;

“Йўл харитаси”га киритилган водород энергетикаси технологиялари соҳасида муҳим илмий-амалий ишланмаларни яратишга қаратилган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини белгиланган тартибда молиялаштирилиши таъминлайди;

илғор мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб ва Марказ таклифларини ҳисобга олган ҳолда водород энергетикаси технологияларини ривожлантиришга қаратилган мавзулар шакллантирилиб, техника фанлари йўналишида илмий техник лойиҳалар танловига эълон қилиш ишларини мунтазам равишда олиб боради;

ҳар чоракда Марказ томонидан илмий-техник лойиҳа бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар жараёнларини таҳлил қилиб борсин ва зарурат туғилганида, лойиҳанинг техник топшириғига қўшимча ва ўзгартиришлар киритади;

Марказнинг илмий ва илмий-техник ходимларини илғор мамлакатларнинг соҳада етакчи илмий марказларида қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ишлаб чиқилган таклифлар бўйича лойиҳа мавзуларини шакллантириш жараёнига Инновацион ривожланиш вазирлиги сўровига асосан ўз мутахассислари иштирокини таъминлайди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент давлат техника университетидаги “Муқобил энергия манбалари (турлари бўйича)” мутахассислиги (шифр – 5312400) қабул квотасини 50 тадан 60 тага оширади. 3 курсдан бошлаб “Муқобил энергия манбалари (турлари бўйича)” мутахассислиги талабаларидан 10 таси “Водород энергетикаси”га ихтисослаштирилади ва уларга ихтисослиги бўйича дарслар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти томонидан ташкил қилинади.