Янгиликлар

Португалиянинг “Body Interact” таълим платформаси тақдимоти ўтказилди

Ҳозирги кунда, мамлакатимизда тиббиёт таълимини ривожлантириш, ушбу соҳага халқаро таълим стандартларини жорий этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, таълим олаётган ёшларга маънавий-ахлоқий тарбия беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тиббиёт таълимида замонавий инновацион технологияларини жорий этиш, масофавий таълимни ривожлантириш, амалиёт дарсларини кўпайтириш орқали талабаларнинг илмий фаолиятга бўлган мотивациясини ривожлантириш ҳамда уларни самарадорлигини ошириш мақсадида Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан дунёнинг етакчи тиббий таълим билан шуғулланувчи компаниялари билан музокаралар олиб борилди.

25 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Португалиянинг “Take The Wind” компанияси томонидан яратилган “Body Interact” платформаси тақдимоти онлайн тарзда ўтказилди. Мазкур платформа тиббиёт соҳасидаги олий таълим муассалаларида таҳсил олаётган талабаларга беморнинг реал виртуал сценарийлари орқали клиник мулоҳаза юритиш ва қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш ва назарий билимларини амалиётда осонгина қўллашни ўргатади.

“Body Interact” платформаси виртуал ҳолатда масофавий клиник таълим сифатини такомиллаштириш билан бир қаторда, талабанинг ўзига бўлган ишончини ошириши билан ҳам диққатга сазовордир. У бўлажак тиббиёт ходимларига клиник қарорларни қабул қилишда жавобгарликни ҳис этишни ўргатади, диагностика маълумотларини бирлаштириш ва қарор қабул қилиш самарадорлигини оширади. Шунингдек, даволаш усулининг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш кўникмасини ривожлантиради.

Мазкур платформа республиканинг олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талабаларига 3 ойга бепул фойдаланиш бўйича “Take The Wind” компанияси билан келишиб олинди. Ушбу платформадан бепул фойдаланиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мазкур “Take The Wind” компанияси ўртасида келишув меморандумини имзолаш режалаштирилган.