Янгиликлар

C.A.T. Science Accelerator-2020 финали ғолиблари аниқланди

Ўзбекистондаги илк Илмий лойиҳалар акселератори - C.A.T. Science Accelerator-2020 финали жорий йилнинг 25 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлиб ўтди.

Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров очди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатимизда самарали стартап-экотизимини яратиш жуда муҳим бўлиб, унинг ривожланишида акселератор ва инкубаторлар, шунингдек венчур фондлар муҳим ўрин тутади.

— Вазирлигимиз ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази негизида илмий стартаплар учун акселератор ташкил этилган бўлиб, ушбу ташаббус 2018 йилнинг июль ойида давлатимиз раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди, — деди айтди А.Назаров. — Бугун Акселераторнинг навбатдаги тингловчиларининг меҳнат маҳсулини кўришдан мамнун бўлдик. Мазкур Акселератор илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси масаласида муҳим ўрин тутишига ишонаман.

Акселератор директори Владимир Цойнинг таъкидлашича, акселератор фаолияти давомида жамоалар турли семинар ва тренингларда иштирок этиб, бизнес асослари, солиққа тортиш тизими, бизнес-режалаштириш, корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, инвесторлар олдида чиқиш учун презентация тузиш асослари каби мавзуларда малакаларини оширишди.

Жамоаларнинг чиқишларини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери бошқарма бошлиғи Жамол Бобаханов, Profi Training бизнес мактабининг асосчиси ва ривожланиш бўйича директори Татьяна Шалунова, «Стартап ташаббуслари» лойиҳаси координатори Усмон Рахимжонов ва олим, Lotus Engineering ва CleanBox стартаплари асосчиси Амир Абидов таркибидаги жюри баҳолади.

13 та жамоа 6 ой давомидаги ишларининг натижасини тақдим қилишди. Қуйида лойиҳалар билан танишинг:

DefuseIT - лойиҳа интеллектуал бошқарув тизимига эга суғориш сувини тозалаш мосламасини ишлаб чиқиш ва сотишга қаратилган.

Biocentric лойиҳаси оксо-биопарчаланадиган ва антибактериал пластмассани ишлаб чиқариш ва мослаштиришга қаратилган. Оксо-пластмасса бутунлай биологик парчаланиб, минерал ўғитларга айланиб, атроф-муҳитнинг пластик ифлосланиши муаммосини ҳал қилади.

VR_Cerebri лойиҳаси беморларни реабилитация қилиш учун виртуал ва кенгайтирилган реалликдан фойдаланган ҳолда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш учун тузилган.

Hair in pair лойиҳаси илмий асосланган компонентлардан иборат соч ўстириш учун маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган

Innocens Bio – 100 % табиий хомашёдан тайёрланадиган ўсимлик зараркунандалари ва касалликларига қарши биопрепарат. Препарат нафақат инсон саломатлиги, балки атроф-муҳитга зарар етказувчи кимёвий воситалар ўрнини босади

Effect Organic Milk жамоасининг лойиҳаси ўсимлик сутини ишлаб чиқаришга қаратилган.

«Wound Care Lab» жамоаси турли яралар учун замонавий боғлов материалларини ишлаб чиқаради, яъни бу марля, пахта ёки бошқа мато эмас, балки биологик мос ва биопарчаланадиган полимер матрицадир

SaveFood – вакуум ўрамда сабзавот ярим тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқариш. Мазкур технология бўйича маҳсулот 9 ойгача сақланиши мумкин,

TumoronTarget – сут бези саратони, ошқозон саратони каби касалликларни тест қилишнинг скрининг усули. Ўзбекистонда айни кунда бундай текширув 100 $ эвазига ўтказилади, лойиҳа эса айни скринингни 200 минг сўмга ўтказишни таклиф қилмоқда

LOGOS - афазиядан азият чекувчи инсонлар учун ўзбек тилида мультимедиа мобил иловаси. У инсультни ўтказган беморларда нутқни тиклашда кўмак беради

VitaDent – кариес ва тиш пульпитини даволаш учун маҳаллий хомашёдан пломба қилиш материалини ишлаб чиқиш

AiCo Smart factory - самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш учун ускуналарни мониторинг қилиш тизими. У реал вақт режимида ускуналар ҳолатини, уларнинг ишламаслиги сабабларини кузатиб бориш, ғайритабиий ва фавқулодда вазиятларнинг пайдо бўлиши тўғрисида масъул ходимларга хабар бериш имконини беради

«Тиш парилари» жамоаси болалардаги қаттиқ тиш тўқималарининг тизимли гипоплазиясининг асоратларини олдини олиш учун Dental-Gel гель комплексини тақдим этади.

Акселераторнинг барча иштирокчиларига сертификатлар топширилди, лойиҳаларини энг яхши тақдим этган жамоаларга эса эсдалик совғалари топширилди.

1-ўринни 2 жамоа олди: DefuseIt (масофақий бошқарув ёрдамида қишлоқ хўжалигида суғориш сувларини тозалаш учун фильтрлар) ва TumorOnTarget (ПЗР асосида HER2 онкомаркер мақомини аниқлаш усули)

2-ўринга ҳам 2 жамоа лойиқ деб топилди: Logos (инсультдан кейинги беморларнинг нутқини тиклаш бўйича ўзбек тилидаги мобил илова) ва Innocense Bio (ўсимлик зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш учун биопрепаратлар)

3-ўрин: «Тиш парилари» (болаларда тиш эмали касалликларининг асоратларини олдини олиш учун гель)

Акселератор менторларининг фикри бўйича ТОП-3 лойиҳа:

1. DefuseIt

2. TumorOnTarget

3. BioCentric (оксопарчаланувчи пластик ишлаб чиқариш) ва Innocens bio

Акселераторнинг ҳар бир жамоаси мустақил равишда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган стартап лойиҳалар танловига ҳужжат топширади. Жамоаларнинг бизнес-режалари Инновацион ривожланиш вазирлигининг танлов комиссияси томонидан алоҳида баҳоланади ва молиялаштиришга тавсия этилади.