Янгиликлар

Илмсиз инсон ҳар қандай мушкулот олдида ожиздир

Давлатимиз раҳбарининг БМТнинг 75-сессиясида бутун дунёга мурожаат қилар эканлар, коронавирус пандемиясикаби офатлар олдида инсоният нақадар ожиз эканлиги намоён бўлганини таъкидладилар. Мавжуд вазият ер юзи аҳолисини бир-бирига боғлиқ экани, барча халқлар ва миллатлар ўзаро ҳамкорликка нечоғли муҳтож эканига урғу бердилар. Мана шу биргина жумла дунё халқлари нафақат ижтимоий-иқтисодий масалаларда, балки фан-таълим, инновацияларни ўзаро интеграциялашда ҳам бир-бирларига муҳтож эканлигини англатади.

Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот институтлари қаторида Геномика ва биоинформатика маркази олимлари ҳам буни чуқур англаган ҳолда ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган тадқиқотларни олиб бормоқдалар. Марказнинг ёш олимлари сифатида ушбу фикрлар бевосита бизга ҳам тегишлидир. Турли организмларнинг геном хусусиятларини ўрганиш борасидаги тадқиқотларимизни дунё олимлари билан ҳамкорликда, шиддат билан янгиланиб бораётган замонавий технологияларни соҳага жалб қилган ҳолда олиб бораётганимиз, стратегияни тўғри йўлга қўйилганини англатади. Албатта, эришган ютуқларимизни мана шундай ҳамкорликларнинг меваси сифатида эътироф этишимиз мумкин.

Президентимизнинг ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб қувватлашга чақириқлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир давлатнинг келажагини бугунги ёшлар белгилайди. Юртимизда охирги йилларда амалга оширилган ёшлар билан боғлиқ ислоҳотлар фикримиз далилидир. Ёшлар парламенти ва агентлигининг ташкил этилиши келажакка бугундан қўйилган пойдевордир. Бу биз каби ёшларни ўй-фикрлари, ғояларини тезроқ амалга ошишига ёрдам беради.

Президентимизнинг яна бир мулоҳазалари кўплаб мамлакатларнинг оғриқли жиҳати ҳисобланган мавзу — дунёдаги қашшоқликни йўқ қилишга қаратилгади. Негаки, жаҳондаги аҳолининг барчаси ҳам ҳар куни тўйиб овқат ея олмайди, уйсизликка маҳкум. Аммо бу муаммога ҳамжиҳатлик билан ёндошилса, янгича фикрлаш орқали иш тутилса, бу каби муаммоларни ҳал этиш ҳеч гап эмас.

Ўзбекистон аҳолисини ана шундай глобал иқлим ўзгаришлари натижасида келажакда юз тутиши мумкин бўлган ҳолатдан қутқаришнинг ҳам ягона йўли бу билимдир. Бу борада ҳам Марказимизда қатор ишлар олиб борилмоқда. Кам ресурс сарфлаган ҳолда, кўпроқ ҳосил олиш имкониятини яратувчи, иссиқ иқлим ва турли касалликларга бардошли қишлоқ хўжалигининг муҳим экинларини такомиллаштиришга қаратилган тадқиқотлар мунтазам олиб борилмоқда. Ушбу тадқиқотларга ёшларни кенг жалб этиш, уларни керак бўлса ривожланган мамлакатларнинг нуфузли илмий-тадқиқот марказларида ўқитиб келиш бўйича бир неча йиллардан буён амалий ишлар олиб борилмоқда. Натижада, марказ йилдан-йилга энг замонавий технологиялар ва юксак билимли кадрлар билан бойиб бормоқда, халқимиз учун янгидан-янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг БМТ бош ассамблеясида сўзлаган нутқлари биз ёшлар учун фахр-ифтиҳор туйғусини янада оширган бўлса, олиб бораётган ишларимизни янада самарали ва натижадор бўлишида янги мотивация бўлиб хизмат қилади.

Мирзакамол Аюбов, PhD

«Ўзбекистон белгиси» соҳиби.