Янгиликлар

Ёғ-мой комбинатлари чиқиндисидан жаҳон стандартларига мос келувчи қурилиш битуми илк бор Ўзбекистонда яратилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириладиган стартап лойиҳаларидан бири “Госсипол смоласидан нефтсиз қурилиш битуми олиш технологиясини ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш” бўлиб, мазкур лойиҳа Хоразм вилоятида фаолият юритувчи “Коррозияга қарши изоляция илмий маркази” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.

Жаҳон қурилиш саноатида битумнинг ўрни беқиёс. Ушбу тенгсиз изоляцион материалдан ер усти ва остида, ҳатто, сув остида иншоотлар, қурилиш конструкциялари, фундаментлар, магистрал қувурларни гидроизоляция қилишда, коррозия ва эрозиядан ҳимоялашда фойдаланилади, шунингдек том ёпишда ишлатилади.

Лойиҳа доирасида ечилиши лозим бўлган масала — ёғ-мой комбинатлари чиқиндиси бўлган госсипол смоласи асосида жаҳон стандартларига тўла мос келадиган, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган нефтсиз қурилиш битумлари олишнинг мукаммал технологиясини яратиш ва кенг амалиётга татбиқ қилишдир. Таъкидлаш жоизки, госсипол смоласи ёғ-мой комбинатларининг кўп минг тонналик чиқиндиси бўлиб, уни кенг доирада ишлатиш ишлари бугунгача ҳал қилинмаган эди.

Лойиҳа доирасида бугунгача модель ускунада нефтсиз битумлар ишлаб чиқаришнинг технологик параметрлари тўлиқ ўрганилди. Тажриба-саноат намуналари ишлаб чиқарилди ва уларнинг физик-механик хоссалариниГОСТ талаблари асосида аниқланди, тегишли лабораторияларида синовдан ўтказилди, шу билан бирга юртимизнинг турли саноат объектларида қўлланилиб, янги тур маҳсулотга халқаро ISO 9001 мувофиқлик сертификати олинди. Маҳаллий истеъмолчилар билан маҳсулот етказиб бериш борасида шартномалар тузилди ва дастлабки маҳсулотлар етказиб берила бошланди.

Ҳозирги кунда нефть захираларининг кундан кунга камайиб кетаётгани, унинг устига нефтдан олинаётган битумларнинг сифати стандарт талабларга жавоб бермаётган бир пайтда, ноанъанавий янги турдаги хом ашёлар асосида нефтсиз битумлар олишнинг илмий-технологик асосларини яратилиши, амалиётга кенг татбиқ қилиниши мамлакатимиз иқтисодиётидаги энг йирик муаммоли масаланинг ечимидир.

Шундай қилиб, госсипол смоласидан жаҳон миқёсида аналоги йўқ янги турдаги нефтсиз битумларнинг технологияси илк бор Ўзбекистонда яратилди. Ушбу лойиҳани бажариш орқали саноат чиқиндиси бўлмиш госсипол смоласи ҳамда иккиламчи маҳаллий ресурсларни қайта ишлаш инновацион технологияси амалиётга жорий этилади ва рақобатбардош нефтсиз битумлар кенг кўламли ишлаб чиқаришга қўйилиб, жаҳон бозорларида сотишга эришилади.

Масаланинг иккинчи томони шундаки, ҳозирги кунларда госсипол смоласи Республикамиз ёғ-мой комбинатларида чиқинди бўлиб, қўшимча экологик муаммоларни туғдирмоқда. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсадни амалга ошириш натижасида бир вақтнинг ўзида ушбу чиқиндидан халқаро даражадаги битум маҳсулотлари олинади, ҳамда бу чиқинди билан боғлиқ экологик масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлади. Ёғ-мой комбинатларини чиқиндисиз корхоналар қаторига қўшилишига замин яратилади.

Нефтсиз битумларнинг тажриба – саноат намуналари Осиё, Европа, Америка ва МДХ давлатларида ўтказилган халқаро ярмаркаларда намойиш этилди.

Лойиҳа доирасидаги илмий ҳажмдор маҳсулот — битумнинг таннархи тоннасига 2 500 000- 2 600 000 сўм атрофида. Бугунги кундаги сотилиш баҳоси ички бозорга 3 500 000 сўмни, чет элларга 600 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Айни кунларда нефтдан ишлаб чиқарилаётган битумларнинг таннархи баланд бўлгани боис, биржада сотилиш баҳоси тоннасига тахминан 4 500 000 – 5 000 000 сўмни ташкил этмоқда.