Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирининг Сирдарёдаги сайёр қабули қандай натижалар берди?

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов жорий йилнинг 14 июнь куни Сирдарё вилоятида ўтказган сайёр қабули давомида фуқаролар томонидан билдирилган савол, таклиф ва мурожаатларни ҳал этилиши юзасидан қатор ишлар олиб борилди.

Хусусан, Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, 34-сонли умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Орифжон Хўрозбоев саноатда ишлатиладиган роботни (кам энергия сарфлаб сувни иситиш функциясини бажаради) такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича амалий ёрдам беришни сўради. Сайёр қабулдан сўнг вазирлик мутахассислари О.Хўрозбоев билан учрашиб, ишланмани муҳокама қилдилар. Ҳозирда ёш тадқиқотчининг ихтироси вазирлик томонидан ташкил этиладиган “InnoWeek” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида бўлиб ўтадиган “IRC-2019” халқаро робототехника мусобақасига олиб чиқиш учун амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Гулистон давлат университети “Педагогика” факультети ўқитувчиси Ҳабибулло Абдукаримов Гулистон давлат университетида ўқув ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш,университетда узлуксиз таълим ташкилотларини тузишни таклиф қилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги университетда таълим кластери ташкил этиш масаласини ижобий баҳолаб, бу масалада ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Бунда Гулистон давлат университети томонидан педагогик таълим инновацион кластери ташкил этиш бўйича тегишли дастурлар ишлаб чиқиб тақдим этилиши кутилмоқда.

“Соҳил-турон” фермерлик хўжалиги раҳбари Маъруф Аҳмедов балиқчилик фаолиятини кенгайтириш учун 30 га. ерни гаровга қўйиб банкдан кредит олмоқчи эканлигини, бироқ кадастр хизмати томонидан вилоят ҳокимининг қарори ва баённомаси кераклигини айтишаётганини, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўраган. Вазирлик ташаббуси билан вилоят ҳокимияти томонидан М. Аҳмедовнинг муаммоси ижобий ҳал этилди.

Гулистон давлат университети 2-курс докторанти Баҳром Алмаматов илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун Гулистон давлат университети ҳудудидаги иссиқхоналарни таъмирлаш ёки бошқатдан қуриш бўйича амалий ёрдам сўради. Вазирлик ташаббуси билан илмий лаборатория машғулотларини ўтказиш учун университет ҳудудида 8 сотихли замонавий иссиқхона қурилишига киришилди ва янги ўқув йилига фойдаланишга топширилади.

Ўзбекистон миллий университети 1-курс докторанти Доно Мухамадова ўз илмий ишини олиб бориши учун лаборатория кераклигини маълум қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам сўради. Докторантга ЎзР ФАнинг Геномика ва биоинформатика маркази лабораториясидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Гулистон давлат университети профессори Карим Нуриев анорчилик бўйича лойиҳасини молиявий қўллаб-қувватлашни сўради. Вазирлик томонидан эълон қилинган илмий-техник лойиҳалар танловларида иштирок этиши мумкинлиги тушунтирилди, лойиҳаларни топшириш тартиби билан таништирилди.

Гулистон давлат университети 2-курс докторанти Ўткир Шопўлатов уй-жой масаласида амалий ёрдам беришни сўради. Вазирлик ташаббуси билан докторант Сирдарё вилояти ҳокимияти томонидан Гулистон шаҳри, 4-мавзесида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини олишга навбатга қўйилди.