Янгиликлар

Президент мурожаати – амал дастури

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва демократик ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари бўйича миллий парламентга навбатдаги – учинчи мурожаат билан чиқишлари халқимиз томонидан катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди. 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар якунлари ва Ўзбекистон Республикасини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисидаги масалаларда давлатимиз раҳбари бугун, 2020 йил 24 январь куни бўлиб ўтган мажлисда батафсил тўхталиб ўтдилар ва ҳукумат аъзолари, депутатлар, партиялар ва идоралар раҳбарлари, тадбиркорларларга ўз фикр-мулоҳазаларини аниқ ва равон етказиб, яқин келажакда республикани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб бердилар.

Хусусан, 2020 йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” деб аталиши алоҳида диққат-эътиборга, илмий таҳлилга ва масъулиятни сафарбар қилишга сазовордир. Жорий йилнинг бундай аталиши бежиз эмас, албатта, унда чуқур рамзий маъно бор.

Президентимизнинг эътироф этишларича, илм-фани, маърифат ва маданияти ривожланмаган давлатнинг ривожланиш стратегияси ҳам муваффақиятсиздир. Зеро, инсоният тарихини, шахс онтогенезини билиш, илм олиш жараёнисиз тасаввур қила олмаганимиздек, шиддат билан ривожланаётган, дунё маданиятлари, технологиялари, илм-фанлари чуқур интеграциялашаётган, яъни глобаллашув жараёнларининг жадаллашуви контекстида мамлакатимиздаги ислоҳотларни амалга оширилишини, аср тараққиётига адекват тарзда тараққий этишни илм ва маърифат ривожисиз тасаввур қилолмаймиз. Тарбия, таълим, илм-фан инсон ҳаёти фаолиятининг энг зарур, энг муҳим омилларидан бўлиб, уларсиз мамлакат ва жамиятнинг барқарор ўсишини амалга ошириб бўлмайди. Уларни иқтисодиётнинг барча соҳалари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлашдек мураккаб бир масаланинг ечими, ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим бир омили сифатида ривожланиш стратегиямизнинг устувор йўналишлари қаторидаги энг олд позицияларга чиқариш – жуда доно ечим, десак муболаға бўлмайди.

Бундай қарор заминида ватанимиз ўтмишидаги тарихий ютуқларнинг, турли даврларда ривожланиш тенденцияларнинг чуқур илмий таҳлили ва замонамизга хос бўлган ёндашув бор.

Чунончи, муқаддас заминимиз Мовароуннаҳрда ўрта асрлардаёқ илм-фан, таълим-тарбия, маърифат ва маънавият каби педагогик карашлар жуда муҳим аҳамият касб этган.

Марказлашган буюк Темур давлатининг барпо этилиши Мовароуннаҳрда фан ва маданият, маърифат равнақ топишига йўл очган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида жаҳоннинг ўнлаб шаҳарларидан Самарқандга кўплаб ҳунармандлар, олимлар, санъаткорлар, муҳандислар таклиф қилинган. Самарқанд ва Хиротда мадрасалар, кутубхоналар ва расадхоналар қурилди. Тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, география, тарих, адабиёт, фалсафа хамда тарбияшуносликка оид юзлаб ажойиб асарлар яратилди.

Темурийлар даврида фан ва маданият ривожланди. Айниқса, Самарқанд ва Ҳирот шаҳарлари илм-маърифат, маданият марказига айланди. Шоҳизинда, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним Жоме масжиди, Регистон майдони ва шу сингари кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилди.

Улуғбек замонида математика, астрономия фанлари равнақ топди. Бухоро, Самарқанд ва Ғиждивонда мадрасалар қурилиб, улар фан тараққиёти маркази бўлиб қолдилар. Шу даврда Самарқандда Қозизода Румий, Жамшиддин Маъсудий, Али Ибн Муҳаммад, Ҳиротда Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, улуғ рассом Беҳзод ва бошқалар ижодиёт чўққиларига кўтарилдилар.

Алишер Навоий фан, маданият, маърифат ишларини йулга қўйишга улкан улушини қўшди, тил–адабиёт, мусиқа, тарих, фалсафа, астрономия, тарбия назарияси соҳасида жуда кўп илмий асарлар яратди.

Бухородаги мадраса пештоқида ёзилган “Илм олмоққа интилмоқ ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир“, деган ҳикматли сўзлар ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблиги йўқотмаган.

Илм-маърифатга бой муаззам заминимизнинг айнан шу тарихий меросини, тажрибасини, ҳозирги замон тараққиёт мезонлари ва талабларини, унинг юксак ютуқларига уйғун бўлган ривожланиш заруриятини ҳисобга олган ҳолда 2020 йилни илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили, деб аталиши мантиқан жуда тўғри ва ўринлидир.

Ҳозирги замон энг катта ютуқларидан бири, шиддатли ривожланиш омили – иқтисодиётнинг рақамлаштирилишидир. Бу ютуқ айнан илм-фан ва маърифат тараққиётининг мевасидир. Шундай экан, бу икки кучли омилни узвий боғлиқликда кўриб, уни бир занжирнинг икки бўғини сифатида параллел йўналтириш, устувор вазифалар қаторига киритиш, уларнинг натижаларини ҳаётимизга татбиқ қилиш ривожлантириш самарасини оширади, албатта.

Зеро, Ш. Мирзиёев ўз нутқида таъкидлаганидек, ахборот ва компьютер технологиялари индексида мамлакатимиз 8 поғонага кўтарилди.

Эътироф этилдики, кўпчилик менежерлар рақамли технологияларни жорий қилишдан жуда узоқдир ва бундай вақтинчалик ишчилар билан ривожланиш суръатлари ошмайди. Рақамли иқтисодиётни шакллантириш тегишли инфратузилмани шакллантиришни талаб қилади, деди Ўзбекистон раҳбари.

Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва технологик ривожланиш шароитида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини рақамли иқтисодиётнинг жадал ўсишисиз тасаввур қилиш қийин. Мутахассисларнинг фикрича, 2022 йилга келиб, глобал ЯИМнинг чорак қисми рақамли соҳада бўлишини тахмин қилмоқда.

Бироқ рақамли иқтисодиётни рағбатлантириш учун рақамлаштириш ва рақамли тижоратни ривожлантиришга тўсқинлик қиладиган тўсиқларни олиб ташлаш керак. АКТ ривожланиши индекси бўйича Ўзбекистон 170 дан ортиқ давлат ичида 103-ўринни эгаллаб турибди.

Рақамлаштириш илми ва кўникмаларининг етишмаслиги иқтисодиётимизнинг рақамли трансформацияга жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Раҳбаримиз мутасадди органлар, ташкилот ва идоралар олдига бу соҳани жадал ривожлантириш билан боғлиқ муҳим вазифаларни бежиз қўймадилар.

Ўтган вақт ичида Ватанимиз ривожланиши йўлида амалга оширилган ишлар сарҳисобини эшитар эканмиз, қўлга киритилган ютуқларимиз, эришган муваффақиятларимиз учун қалбларимиз, албатта, ғурурга тўлди, чунончи республикамиз тараққиётида қисқа муддат ичида кўзга яққол ташланадиган ўзгаришларга юрагида ўз ватанига, унинг равнақига нисбатан илиқлик бўлган ҳар бир инсон бефарқ бўла олмайди.

Лекин юксак мақсадлар сари интилишлар, қўйилган вазифалар, олдинда турган ишлар ҳақида чуқур ўйлаш, ислоҳотларни янада самаралироқ ва жадалроқ амалга ошириш, 21-аср дунёси тараққиётига уйғун бўлган ривожланиш суръатларини кўрсатиш зарурлиги Президентимиз мурожаатларида баралла жаранглади ва ҳар бир сўзларида назарда тутилди.

Мавжуд муаммоларнинг ечими, қўйилган вазифаларни бажариш, ривожланиш стратегиясининг ҳар бир йўналишини самарали амалга ошириш юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ва уларни сифатли натижалар берадиган даражадаги меҳнатини, замон талабларига мос янгича ёндашувларни ва дунёқарашни талаб қилади. Уларни ҳал қилиш учун, аввало, Ўзбекистонда ва унинг атрофида тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун шароит яратиш керак.

Президентимизнинг бугунги мурожаатлари эса ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун бажариладиган улкан ишларнинг амал дастури бўлиши керак.

Гулнор Жумаева,

Инновацион ривожланиш вазирлиги

бўлим бошлиғи, п.ф. н., доцент