Янгиликлар

Илмда туб бурилиш йили бўлади

Уч йилдирки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этиш анъанага айланди. Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги Мурожаатномасини тинглаб, шу соҳага бегона бўлмаган киши сифатида кўнглим тоғдек кўтарилди. Жорий йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши нафақат мен ва Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси, балки мамлакатимиз илм-фан аҳли учун ҳам ғоят қувончли хабар бўлди.

Президентимизнинг мурожаатларини тинглар эканман, 2006 йилда якунланган докторлик диссертациясини 2012 йилда ҳимоя қилгунга қадар бўлган воқеалар, бу йўлда дуч келганим – турли тўсиқлар, қоғозбозликлар кўз олдимдан бирма-бир ўтди. Бундай ҳолат фақат мен билан юз бермаган, албатта. Илмга, тадқиқотчиларга муносабат ва унинг олдидаги сунъий тўсиқлар қанчадан-қанча олимларнинг шаштини синдиришга, илмдан безишига ва бошқа йўлни танлашига сабаб бўлган. Шундай сабаблар баъзи олимларнинг ҳатто ўз она Ватанини тарк этишига, салоҳиятини ўзга юртлар равнақи йўлида сафарбар қилишга мажбур қилгани ҳам айни ҳақиқат эди.

Ўша пайтлар илмий тадқиқотларнинг мавзуси, унда илгари сурилган фикрлар ҳам жиддий таҳрирдан ўтказиларди. Докторлик диссертациямда хонликлар даврида яратилган қўлёзмалардаги таълим-тарбияга оид диний атамалар, Қуръон ва ҳадисларнинг бадиий талқинида қўлланилган лексик бирликлар таҳлил қилингани ҳам кўпчилик “катта олим”ларнинг “ғашига теккан”, “чўчитган” эди. Афсуски, ўша даврнинг “катта олим”ларининг айримлари аждодларимизнинг буюк меросини асл манбалардан ўқиш салоҳиятига эга эмасдилар ёки ислом дини манбалари улар учун нотаниш, ўтиш мумкин бўлмаган “ҳудуд” эди.

Албатта, ўша даврда Тошкент ислом университетида дин масалаларини ҳар томонлама тадқиқ этиш ишлари йўлга қўйилган бўлса-да, бу ҳаминқадар жараён ва натижалар ҳам ўзига яраша эди. Ундан ташқари, ислом университетида соф дин масалалари бўйича олиб борилган тадқиқотлар ҳимоя қилинар эди. Менинг тадқиқотим эса ўзбек тилидаги қадимги қўлёзмаларнинг лексик хусусиятлари тадқиқига бағишлангани учун бу ерда ҳимоя қилиш имкони йўқ эди.

Қийинчиликлар ва сунъий тўсиқлар сабаб тушкунликка тушганим, докторлик диссертациясидан воз кечиб, илм билан шуғулланмасликка аҳд қилганим ҳали-ҳануз эслайман. Кейинги йилларда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни мулоҳаза юритар эканман, ўткинчи кайфиятга берилиб, нотўғри қарор қабул қилмаганимга шукр қиламан. Бу хотиралар бугун Мурожаатнома туфайли яна бир кўз олдимда гавдаланди...

Давлатимиз раҳбари ўз лавозимига киришгач, илк учрашувни айнан илм-фан намояндалари билан ўтказилгани ҳам бежиз эмас, янги Ўзбекистонни яратиш учун бу соҳада қўйилган илк қадам эди.

Президентмизнинг бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилиши, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийинлиги, мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан эканлигини аниқ кўрсатиб берилиши ва айни вақтда бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб эканлиги ҳақидаги эътирофи ўша вақтнинг ўзидаёқ олимларга куч-қувват, завқ ва шижоат берган эди.

Бугунги Мурожаатнома эса қўйилган қадамларнинг тадрижий давоми ва кульминацион нуқтаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Мурожаатномада бирор соҳа давлат раҳбарининг эътиборидан четда қолмади, ҳар бир соҳа ютуқ ва камчиликлари, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар билан бирга атрофлича таҳлил қилинди.

Мурожаатномани тинглаган ҳар бир юртдошимиз қалбида эртанги кунга ишонч уйғонгани, ўз ишига, вазифасига масъулият билан ёндашиш, Ватани ва миллатига садоқат ҳисси пайдо бўлганига шубҳа йўқ.

Президентимиз йил номидан келиб чиқиб, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта тўғри йўлдан адашиш бўлишини алоҳида таъкидлаб, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим, ундан кейинги таълим тизимлари, маънавият ва маърифат соҳалари, илм-фаннинг устувор йўналишлари бўйича вазифаларни аниқ белгилаб бердилар.

Мурожаатда “Биз Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига қўшишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунинг учун билим, маърифат ва инновациялар зарур бўлади”, дейилди. Зеро, янги Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаб, Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш учун барча саъй-ҳаракатлар қилинади. Бунда мавжуд илмий салоҳият ва маблағларни иқтисодиёт тармоқларининг буюртмалари ва муайян муаммоларни ечишга қаратилган энг муҳим устувор тадқиқотларга йўналтириш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар ўз мактабларини яратишлари, шогирдлар тарбиялашлари лозим. Таассуфки, бугунги кунга келиб қанчадан-қанча илмий мактаблар эътиборсизлик оқибатида йўқолиб бормоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, илмий мактабларни тиклаш ва янгиларини ташкил этиш, мавжудларини ривожлантириш ишларини тизимли равишда олиб бориш орқали Ўзбекистон илм-фани тарихий силсиласини яратиш, буюк илмий меросни келажак авлодларга қолдириш имкони яратилади.

Ўйлайманки, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси, жумладан юртимиз олимлари ўз олдиларига катта мақсадларни белгилаб олишади ва бор куч-имкониятларини юксак марраларни эгаллашга сафарбар этишади. Зеро, Мурожаатнома мазмунида ўз ифодасини топган вазифаларни амалга ошириш, илм-фан ютуқларини юртимиз равнақига хизмат қилдириш ҳар бир юртдошимизнинг олий мақсад-муддаосидир!

Ноибахон Мамадалиева,

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Илмий котиби, ф.ф.д.