Янгиликлар

“Биз ёшларга камарбаста бўлишимиз керак!”

Жаҳоннинг кўплаб ривожланган мамлакатларида давлат раҳбарининг сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий ва демократик ривожланишнинг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан миллий парламентга мурожаат қилиш тажрибаси мавжуд.

Жорий йилнинг 24 январь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган мазкур Мурожаатномани бутун халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

Мурожаатнома аввалида Президентимиз яқинда бўлиб ўтган сайлов натижалари, аҳолининг фаоллиги ва жипслиги ҳақида гапирди ва “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни кундалик фаолиятимизга жорий этиш нақадар муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Мурожаатнома давомида мамлакатимизнинг барча соҳалари бугунги кун ҳолати, эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, инвестициялар, энергетика, нефть-газ, геология, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, солиқ сиёсати, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳаларига ҳамда алоҳида ёшлар бўйича давлат сиёсатининг олиб борилиши масалаларига батафсил тўхталиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси
5 йилда ривожлантириш бўйича, устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб бердилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси нафақат юртимизда, балки дунё сиёсатчилари томонидан кенг ўрганиб келинаётганлиги, ҳақиқатдан ҳам мазкур Мурожаатномада баён этилган фикрлар, режалар, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини юксак босқичларга кўтаришга хизмат қилаётганини кўриш мумкин.

Мурожаатномада илм-фан, олий таълим ва ёшлар сиёсати масалаларидаги кўпдан бери бизни қийнаб келган саволларга жавоб олдик. Хусусан давлат раҳбари томонидан 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” этиб белгилаш таклиф этилди. Бу эса ўз навбатида биз каби соҳа мутахассислари учун кенг имкониятлар эшигини очади ҳамда ўзига хос масъулиятни юклайди.

Рақамли иқтисодиёт – бу жамият неъматларини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш жараёнларида электрон ҳамда ахборот-коммуникацион технологияларини кенг жорий этишдир.

Мурожаатномада баён этилган фикрлар ҳамда белгилаб берилган асосий вазифалардан келиб чиқиб, Марказимиз томонидан 2020 йил учун фаолиятнинг устувор йўналишлари ва асосий вазифалари ижросини таъминлашга қаратилган режалар тузиб олинди. Хусусан, соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида “1 миллион ўзбек дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш доирасида Марказимиз ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларда дастурчиларни қўллаб-қувватлаш ишлари ташкил этилади. Зеро Юртбошимиз таъкидлаганларидек “Бир миллион дастурчи” мамлакат ривожланишига катта драйвер бўлади”.

Жорий йилда “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилиш керак эканлиги таъкидлаб ўтилди. Давлат раҳбарининг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда 2020 йилда Марказимизнинг ҳужжатлар алмашинув тизими тўлиқ рақамлаштирилади.

“Рақамли иқтисодиёт”ни жорий этишнинг асосий омилларидан бири бу – ахборот-технологиялари соҳасида чуқур билим ва кўникмаларга эга, замонавий технологиялардан эркин фойдалана оладиган, малакали кадрлар ҳисобланади. Бу борада Марказимиз -соҳадаги етакчи мамлакатлар билан тажриба алмашинувини амалга ошириш ишларини янада жадаллаштириш орқали, ёшларимизни ушбу мамлакатларга малака оширишга юборишни таъминлайди.

Мурожаатномадаги асосий мавзулардан бири бу — илм-фан ва таълим соҳаси бўлганлиги бу Юртбошимизнинг ёшларга бўлган эътиборининг нақадар юксак эканлигини англатиб турибди.Президентимиз барча даражадаги раҳбарларга мурожаат этиб туриб “Биз ёшларга камарбаста бўлишимиз керак” деган фикрни илгари сурдилар. Ўз навбатида яратиб берилаётган бундай шароитларга муносиб жавоб берган ҳолда биз каби ёшлар амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашда 3-4 карра кўпроқ меҳнат қилишимиз даркор.

Акбархон Собирхонов
Инновацион ривожланиш вазирлиги
қошидаги Инновацион ишланмаларни жорий
этиш илмий-амалий маркази директор ўринбосари