Янгиликлар

Сув хўжалигида сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда

Бугунги кунда республикамизнинг 44410,3 минг гектар умумий ер майдонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар 22614,0 минг гектарни ташкил этади. Бу умумий ер салоҳиятининг 50,9 фоизига тўғри келади. Аммо, интенсив деҳқончилик фақат 4278,0 минг гектар ёки умумий майдоннинг 9,6 фоизида амалга оширилади, бунга асосий сабаб сув ресурсларининг чегараланганлиги билан боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, Сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича стратегик ҳужжат бўлган 2020–2030 йилларда сув хўжалиги ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Концепцияга кўра, қишлоқ хўжалигида 2 млн гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологияларини, шундан 600 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш белгиланган.

Ҳозирда Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида сув хўжалигида сув тежовчи технологиялар бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида сув тежовчи технологиялар йўналиш бўйича умумий қиймати 10,3 млрд. сўмлик жами 36 та, шундан, 1,6 млрд. сўмлик 8 та фундаментал, 8,7 млрд. сўмлик 28 та амалий лойиҳалар бажарилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жорий этилган янги механизм асосида 2 та қуйидаги лойиҳалар молиялаштирилди:

«Сув ресурслари ва минерал ўғитлар тежовчи гидрогель полимерини ишлаб чиқиш ҳамда янги турларини синтез қилиш» мавзусидаги йиллик молиялаштириш ҳажми 395,8 млн. сўм бўлган бажарилиши 2019-2020 йилларга мўлжалланган амалий лойиҳа (ижрочи ташкилот: Наманган муҳандислик-технология институти, лойиҳа раҳбари: т.ф.н., дос. Д.Ш.Шерқўзиев).

- “Қорақалпоғистон экстремал сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда тупроқни экишга тайёрлаш технологияси ва экишни бирлаштирувчи техник воситалар комплексини яратиш” мавзусидаги йиллик молиялаштириш ҳажми 600,0 млн. сўм бўлган бажарилиши 2020-2022 йилларга мўлжалланган амалий лойиҳа (ижрочи ташкилот: Қорақалпоғистон деҳқончилик ИТИ, лойиҳа раҳбари: тех.ф.н. С.Аминов).

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича умумий қиймати 6,3 млрд. сўм бўлган жами 7 та тематик мавзулар эълон қилинган. Жорий йилда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича жами 45 та тематик мавзулар тақдим этилган. Шунингдек, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида эълон қилинадиган амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танлови учун умумий қиймати 15,6 млрд сўм бўлган жами 7 та тематик мавзулар илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси сифатида шакллантирилган ҳамда лойиҳалар танловининг навбатдаги турларида эълон қилиниши Инновацион ривожланиш вазирлиги режасига киритилган.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари билан ҳамкорликда Чигитни бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Изланиш натижалари 2019 йилда 400 га майдонда синалган ва ғўзани сувга бўлган талабини 40 фоизгача камайтириб, ҳосилдорлигининг 10-15 фоизга ошишига эришилган. Шунингдек, бентонитдан тайёрланган суспензиядан фойдаланган ҳолда ғўзани барг орқали озиқлантириш ишлари синовдан ўтказилган ва унинг натижасида ҳам пахта ҳосилдорлигини ошишига эришилган.

2020 йилда республиканинг 4 та вилоятида 500 гектар пахта чигитини бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экилди. Бентонит гиллари суспензияси билан баргидан озиқлантириш 2473 гектарда– 320 гектар буғдой экилган майдонларда ва 4тавилоятдаги 2153 гектар пахта экилган майдонларда амалга оширилди. Ҳозирда ушбу лойиҳани Республика миқёсида кенг жорий этиш учун тижоратлаштирилмоқда.

Бугунги кунга қадар республикамизда 284,9 минг гектар майдонда яъни суғориладиган майдоннинг 7 фоиз қисмида сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Жорий йилда эса 48 минг гектардан ортиқ майдонда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда илғор сув тежовчи технологиялар томчилатиб ва ёмғирлатиб, шундан 20,5 минг гектар пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди. Бунинг натижасида пахта майдонларига сарфланган сув 154 млн куб метр ва бошқа ресурслар миқдори эса 40-50 фоиз тежалиб, ҳосилдорлик гектарига пахтадан 15-20 центнергача ошиши кутилмоқда.

2021 йилда замонавий сув тежовчи технологияларнинг қўлланилишини беш бараварга яъни 200 минг гектаргача ошириш режалаштирилмоқда. Айниқса, пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича Жиззах, Хоразм, Навоий, Бухоро, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида катта майдонларда жорий қилиниб юқори натижаларга эришилмоқда.