Янгиликлар

Сардобалик болалар​ “TexnoBus” ўқув платформаси билан танишдилар

Сардобада рўй берган фожиали воқеалар ҳеч бир ўзбекистонликни бефарқ қолдирмади, қалблар ларзага келди. Карантин юмшатилиб, умумтаълим мактаблар фаолияти қайта тиклангандан кейин Инновацион ривожланиш вазирлигининг “TexnoBus” инновацион автобуси инновацияларни тарғиб этиш учун сафарга отланди. Сардобада рўй берган фожиали воқеалар таъсиридаги ёшларни кўнглини кўтариш, руҳий далда бўлиш, маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 11 сентябрь санасида Сирдарё вилояти Сардоба туманида иқтидорли ҳамда ташаббускор ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Учрашув давомида ўқувчиларни “TexnoBus”нинг имкониятлари ва афзалликлари билан таништирилди. Робототехника бўйича илк сабоқлар, базавий машғулотлар ҳамда маҳорат дарслари ўтилди. Ёшлар академияси бўйича маълумотлар, уларда яратилаётган имкониятлар ва шарт-шароитлар тушунтирилди.

“TexnoBus” таълим платформаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич ташкил этилаётган Ёшлар технопаркларининг узвий қисми бўлиб, иқтидорли ёшлар жамоаларини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган. “TexnoBus” лойиҳасининг асосий мақсади чекка ҳудудлардаги иқтидорларни аниқлаш ва уларнинг имкониятларини юзага чиқариш ҳисобланади. У барча қулайликларга эга бўлиб, керакли замонавий қурилмалар билан жиҳозланган. Тўғридан-тўғри электр тармоғи, электр токи генератори ва аккумулятор орқали қувват олиш имконига эга «ЎзОтайўл» моделидаги таълим автобуси бир вақтнинг ўзида 12 нафар ўқувчини ўқитиш имконига эга. Инновацион таълим платформасида ёшларга робототехника ва элетроника, 3Д прототиплаштириш, муқобил энергия манбалари, дастурлаш ҳамда VR/AR ва бошқа интерактив йўналишлар бўйича таълим берилади.

Тадбир якунида иқтидорли ва соҳага қизиқиши баланд бўлган бир гуруҳ ёшларга, мазкур соҳада билимларини ошириб боришлари ҳамда келгусида ўз устида ишлаб соҳа ривожига ҳисса қўшишлари учун DEVISER электроника конструкторлари совға қилинди.