Янгиликлар

Technovation InfoWeek-2019: фаол координаторлар тақдирланди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясида Technovation InfoWeek-2019 тадбирида фаол иштирок этган Technovation InfoWeek-2019 координаторлари ва фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Technovation Info Week ва Очиқ маълумотлар бўйича сессиялар 25-29 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг 10 та вилоятида бўлиб ўтди ва 5 000 нафардан ортиқ иштирокчиларни қамраб олди. Сессияларда дунёнинг 78 мамлакатида самарали ташкиллаштирилиб келинаётган Technovation халқаро таълим дастури ҳақида иштирокчиларга маълумотлар берилди. Мазкур дастурнинг мақсадлари сирасига хотин-қизларни IT, яъни ахборот технологиялари соҳасига жалб этиш, танқидий фикрлашни ривожлантириш, тадбиркорлик ва дастурлашни ўргатиш каби вазифалар киради. Дастур 2010 йилдан бери оламга донғи кетган Google, Adobe, Intel, Oracle ва Dropbox сингари глобал ITкомпаниялари ёрдамида ўтказилади ва амалга оширилади.

Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Азимжон Назаров, БМТТДнинг “Маъмурий ислоҳотлар ва рақамли трансформацияга кўмаклашиш“ лойиҳаси раҳбари Бунёд Авлиёқулов фаол координаторларни сертификат ва совғалар билан тақдирладилар.

Тадбирда Наманган, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан фаол координаторлар ва менторлар иштирок этди. Иштирокчилар, менторлар ва фаолларнинг ташаббуслари билан “Technovation” дастури бўйича ҳудудларнинг қамрови йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати