Янгиликлар

Беларусь Миллий фанлар академиясининг иқтисодиёт институтига ташриф

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш аъзоларидан иборат делегация Беларусь Миллий фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти Инновацион сиёсат бўлими бошлиғи, иқтисод фанлари номзоди, доцент Денис Муха Викторович ва пул-кредит сиёсати сектор мудири иқтисод фанлари номзоди, доцент Попкова Анна Станиславовна билан учрашув ўтказдилар.

Институтнинг бугунги кундаги асосий вазифалари ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалалари бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, тадқиқот натижаларидан амалиётда фойдаланиш учун ташкилотлар ва корхоналар учун тавсиялар ишлаб чиқиш, халқаро илмий конференциялар ҳамда семинарларни ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалалари бўйича илмий нашрлар тайёрлашдан иборатдир.

Беларусь Миллий фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти аспирантура ва докторантура бўлимида юқори малакали кадрларни тайёрлайди. Бунда Иқтисодиёт ва халқ хўжалигини бошқариш ва Жаҳон иқтисодиёти ихтисосликлари бўйича докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинади.

Икки давлат олимлари Беларусь ва Ўзбекистон Республикасида давлат маблағлари ҳисобидан яратилган қўшма илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш учун самарали иқтисодий ва ҳуқуқий механизмни ишлаб чиқиш борасида музокаралар олиб бордилар.

Шу билан бирга ўзаро ҳамкорлик натижасида монография, дарсликлар ўқув қўлланмалар, юқори рейтингга эга халқаро журналларида ва “Scopus”да илмий мақолаларни чоп этиш келишиб олинди. Беларусь Республикаси фундаментал тадқиқотлар фонди ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари бўйича лойиҳалар ишлаб чиқишга қаратилган йўл хариталари тузишга келишилди.