Янгиликлар

“Яшнобод” технопаркининг резиденти Еврокомиссия томонидан молиялаштириладиган тендер ғолиби бўлди

“Яшнобод” технопаркининг резиденти “City Light” МЧЖ Европа Комиссияси молиялаштирадиган Дрезден Техника университети томонидан ўтказилган “Чиқиндиларни қайта ишлаш ва биоэнергия ишлаб чиқариш” тендери танловида ютиб чиқди. Лойиҳа баҳоси 5 млн. Евро бўлиб,резидентимиз Германия, Бельгия, Швеция, Франция, Финляндия, Чехия, Австрия каби давлатларнинг йирик илмий-ишлаб чиқариш компаниялари қаторида мазкур 5 млн. евро қийматли лойиҳанинг тенг ҳуқуқли ҳамкори ва иштирокчисига айланди. Лойиҳанинг мақсади биоёқилғи (бензин, суюқ ёқилғи) техник шакар, парчаланувчи полиэтиленолиш мақсадида техник ва аграр чиқиндиларини қайда ишловчи мобил ускуналарни яратишдан иборат.
Зарарли газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш мақсадида бугунда дунё миқёсида қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳиссаси тобора ошиб бормоқда. Одатий қайта тикланувчи энергия, яъни қуёш энергияси ёки шамол энергияси сутканинг маълум қисмида ёки об-ҳаво шароитларига қараб ишлаб чиқарилади. Чиқиндилардан ишлаб чиқариладиган энергия манбалари мана шу ўзгарувчан омилларга боғлиқ эмаслиги, шунингдек, энергия тизимини мувозанатда ушлаб туриши билан муҳимдир. Ўз навбатида геотермал ва гидроэнергия эса уларнинг географик жойлашувига боғлиқ бўлиб, одатда истеъмолчилардан анчайин узоқ жойлашиши ноқулайликларга ва ортиқча харажатларга олиб келади.
Биоген қолдиқлар ва чиқиндиларнинг қазилма бойликларни ўрнини боса олиши мумкинлиги ўзига хос мослашувчан энергия тизимининг шаклланишига олиб келади. Биомассани қайта ишлашда қуёш энергияси ва иссиқлиги биоёқилғининг қайта тикланувчи энергияси миқдорини оширишга хизмат қилади. Мазкур лойиҳа муаллифлари келажакда қуриладиган ва мавжуд иссиқлик электростанцияларини қамраб олувчи ўрта ва узоқ муддатли йўл хариталарини ишлаб чиқишди. Йўл харитаси хусусан қишлоқ хўжалиги чиқиндилари, энергетик экинлар, сувўтлари, қаттиқ маиший чиқиндилардан иборат биомассадан хом ашё тайёрлашни, биомассалардан кимёвий ресурслар олишни назарда тутади.
Жорий йилнинг октябрь ойида Дрезден техник университети ва Еврокомиссия вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Лойиҳа муддати 36 ойни ташкил этади ва янги тизимларни ишлаб чиқиш,синовдан ўтказиш ҳамда баҳолаш жараёнларидан иборат бўлади.