Янгиликлар

Эликқалъада туризмни ривожлантиришда инновацион технологиялар қўлланилади

Жорий йилнинг 22 январь куни Эликқалъа туманида “Эликқалъа – туризм ўчоғи” халқаро илмий, иқтисодий ва маданий-маърифий анжумани бўлиб ўтди. Тадбир “Қорақалпоғистон Республикасида туризм соҳасини 2019-2021 йилларда жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси асосида ўтказилди.

Анжуман доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги бош мутахассиси Темурбек Олимов “Туризмни ривожлантиришга қаратилган инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва давлат грантлари ажратиш масалалари” мавзусида маъруза билан чиқди.

Туризм соҳасини инновацион ривожлантиришнинг асосий йўналишлари сифатида smart-туризмни ривожлантириш, интерфаол харита ва интерфаол буклетларини жорий қилиш, тарихий бинолар ва ёдгорликларга интерфаол доскаларни жойлаштириш, сайёҳлик портали ва билетлар харидини бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, экскурсияларни брон қилиш учун ягона манба яратиш, сайёҳлик хизматлари ва агентликларнинг ягона рейестирини тузиш, музейлар ва уларга ташриф буюрувчилар учун ягона стандартлаштирилган платформани ишлаб чиқиш каби йўналишлар ҳақида гапирилди.

2018 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари, шунингдек Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари ва “SMART CHAIN” компанияси директори иштирокида йиғилиш ўтказилган эди. Учрашув якунида тўрт томонлама меморандум имзоланган.

Мазкур меморандумнинг ижроси доирасида “Smartchain” компанияси томонидан Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида жами 22 тарихий обида ва музейларда инновацион АR-технологиялар (Augmented reality — тўлдирилган воқелик технологияси) жорий этилди. Музей экспонатлари ҳақидаги маълумотлар НаззАР – инновацион иловаси ёрдамида реал элементлар билан бойитилган. Смартфонингизни Музейнинг 21 та нуқтасига ўрнатилган экспонат тасвири туширилган АР белгили махсус тахтачаларга йўналтириб, экспонат ҳақидаги маълумотларни ўзбек, рус, инглиз, француз тилларидаги аудио-видеогид ёрдамида олишингиз мумкин.

Шунингдек, таъкидлаш жоизки, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2017 йилда 2 та илмий-техникавий лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2020 йилда 5 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.