Янгиликлар

Scopus маълумотлар базасидан чиқарилган журналларда Ўзбекистон олимларининг нечта мақоласи чоп этилган?

Жорий йилнинг июнь ойида Elsevier илмий нашриёт уйи Scopus маълумотлар базасидан чиқариб ташланган журналларнинг янги рўйхатини эълон қилди (манба: https://ua.publ.science/ru/blog/vtoroye-isklyucheniye-zhurnalov-so-scopus). Бу 2020 йил давомида шундай рўйхатларнинг иккинчиси бўлиб, биринчиси март ойида эълон қилинганди. Бу сафар дунёдаги энг йирик тўртта илмий нашриёт уйларининг бири бўлган Elsevier сифат тамойилларга жавоб бера олмаган ва Scopus билан ҳамкорлик шартларини бажара олмаган журналларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этди.

Шу муносабат билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот марказиScopus маълумотлар базасидан 2020 йил июнь ойида чиқариб ташланган 2017-2018 йиллар давомида юртимиз олимларининг журналлардаги мақолалари таҳлилини қилди.

2017-2018 йилларда маҳаллий олимлар томонидан жами 1,121 та мақола чоп этилди (2017 йилда – 590 та, 2018 йилда – 531 та). Улардан фақат 10 та мақола маълумотлар базасидан чиқарилган журналларда чоп этилган (2017 йилда – 3 та ва 2018 йилда 7 та). Бу 1 фоиздан ҳам кам бўлиб, аслида яхши кўрсаткич ҳисобланади. Ўз навбатида 2019-2020 йиллардаги нашрлар келгуси йил текширилиши мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаш жоиз.

Scopus – бу тақриз қилинаётган адабиётлар: илмий журналлар, китоблар, ва конференция материалларида берилган ҳаволалар ҳақидаги қисқача тавсиф ва маълумотларни ўз ичига олган энг йирик маълумотлар базаларидан биридир. Scopus илм-фан, техника, тиббиёт, социология, санъат ва гуманитар фанларнинг турли соҳаларида дунё тадқиқот натижалари ҳақида кенг қамровли маълумотлар бериб, тадқиқотларни кузатиш, таҳлил қилиш ва визуаллаштириш учун интеллектуал воситаларни таклиф этади.

Scopus маълумотлар базасига кириш учун ношир электрон ариза тўлдириб, тегишли сўровнома юбориши керак. Дунёнинг турли соҳаларидан 30 нафарга яқин олимлар ва кутубхоначилардан иборат Маслаҳат қўмитаси томонидан таклифга ижобий баҳо берилса, нашр ҳавола қилинувчи нашрлар рўйхатига киритилади. Агар рад жавоби олинган бўлса, такрорий ариза бир йилдан сўнг юборилиши мумкин.

Бу маълумотлар базаси томонидан индексланадиган нашрлар орасида бўлишнинг ягона йўли эмас. Халқаро хизмат экспертлари, уларнинг фикрига кўра қўмита томонидан кўриб чиқишга лойиқ бўлган мақолаларни мустақил равишда тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Танловдан ўтиш учун нашр муайян мезонларга жавоб бериши керак, жумладан, чоп этиш мунтазамлиги (йилига камида бир марта), инглиз тилидаги мақолаларнинг тўлиқ нашр этилиши, материалларни юқори сифатда тақдим этиш, тадқиқотларнинг оммавийлиги, оммабоплиги, ишончлилиги, инглиз тилига таржимаси билан ўз веб-сайтининг мавжудлиги, обуначилар сони (нашриётчиларга барча талаблар ва тавсиялар нашриёт веб-сайтида жойлаштирилган).

Деярли ҳар доим, экспертлар кенгаши ISSN, рецензиялар, мақолаларда фойдаланилган адабиётлар рўйхатлари, мақолаларга инглиз тилидаги изоҳлар ва ўз интернет-манбаси бўлмаган тақдирда аризаларни рад этади. Охиргиси юқори техник ва таркибий даражада бажарилган бўлиши керак.

Elsevier, шунингдек, вақти-вақти билан Scopus маълумотлар базасидан чиқариб ташланган журналлар рўйхатини эълон қилади. Агар чиқариб ташланган журналда чоп этилган мақола Scopus маълумотлар базасига тушиб бўлган бўлса, у ўша ерда индексланишни давом эттиради. Аммо маълумотлар базасидан чиқариб ташланган нашрда чоп этилишини кутаётган ишлар энди Scopusда индексланмайди. Бунинг оқибатида эса олим ўз вақти, ресурси ва пулини йўқотади. У ўзига мос журнални топиш ва иккинчи марта ҳам куйиб қолмаслик учун яна сарф-харажат қилишига тўғри келади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази республикамиз олимларининг мақолаларни халқаро илмий нашрларда эълон қилиш бўйича фаоллиги мониторингини мунтазам равишда олиб боради.