Янгиликлар

Сирдарё бизнес-акселератори биносининг қурилиши якунланди

13 август куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Сирдарё вилояти Сирдарё туманида янги барпо этилган «Сирдарё бизнес-акселератор» биносига ташриф қилиб, у ердаги қурилиш ва пардозлаш ишларининг якуний босқичи билан танишди. Сирдарё тумани ҳокими Алижон Мухамадиев ва «Сирдарё бизнес-акселератор» раҳбари Барно Каримова билан суҳбатда бинога мини технологияни жалб қилишга масалалари муҳокама қилинди.

– «Сирдарё бизнес-акселератор»фаолият бошлагандан сўнг вилоятдаги мактаб битирувчиларни, инновацияларга қизиқувчи иқтидорли ёшларни жалб қилиб, касбга ўргатиш лозим, – деди вазир. – Мақсадимиз замонавий фикрлайдиган муҳандислар ва инноваторларни кашф қилишдир.

Ҳозирги кунда ёшларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларда мустақил тадқиқотчилик ва тадбиркорлик фаолияти кўникмаларини шакллантириш, ривожлантириш, шунингдек, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этган. Бунинг учун ёшларда бизнес ғояларини шакллантириш, уларни амалга ошириш ва юритиш қоидаларини ўргатиш, самарали бизнес режаларни ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантириш талаб этилади.

Муассасанинг асосий вазифалари ҳам айнан шу мақсадга йўналтирилган – замонавий ахборот ва инновацион технологиялар бўйича ўқув курсларини ташкил этишдир. Бунда юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда таълим жараёнига замонавий ахборот ва инновацион-педагогик технологияларни кенг жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, бизнес-акселератор Сирдарё вилоятида кичик тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашиш, уларга маркетинг билимларини ўргатиш ҳамда кичик тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда венчур фондларини жалб қилишда амалий ёрдам беради.

Ёш тадбиркорларнинг ўз бизнесини самарали йўлга қўйиши қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Улар томонидан юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш узлуксизлигини таъминлаш эса даромадларнинг ошишига, демакки аҳоли фаровонлигига сабаб бўлади. Шу мақсадда илмий, илмий-тадқиқот, таълим ва ишлаб чиқариш ташкилотларини ўзаро интеграциясига кўмаклашиш муҳимдир.

Иброҳим Абдураҳмонов бизнес акселераторнинг пардозлаш ишлари якунлангани муносабати билан бинога инновацион мини технологияларни олиб кириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу ишлар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини таъкидлади.