Янгиликлар

Аутизмга чалинган болаларни ўзбек тилида ABA-терапия усулида ўқитишнинг янги инновацион технологиясини яратиш масаласи муҳокама қилинди

Инновацион ривожланиш вазирлигининг «Тиббиёт фанлари» бўйича Илмий техник кенгашнинг навбатдаги мажлис бўлиб ўтди. Унда вазирлик томонидан эълон қилинган «Олима аёллар грантлари» танловига топширилган ташаббускор лойиҳалар муҳокама қилинди.

Мажлисда танловга топширилган «Сурункали юрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларда буйрак дисфункциясини эрта аниқлаш ва прогнозлаш учун рақамли дастурий маҳсулот ва мобил илова яратиш» мавзусидаги инновацион лойиҳа; «Аутизмга чалинган болаларни ўзбек тилида ABA терапияда ўқитишнинг янги инновацион технологиясини яратиш» мавзусидаги амалий лойиҳа; «Инсульт билан оғриган беморларнинг регистри,онлайн-консультациялар ва телетиббиёт учун «Инсультнинг Ўзбек Миллий регистри» инновацион дастурини қўллаш орқали электрон портални ишлаб чиқиш» мавзусидаги инновацион лойиҳа, «Тухумдонлар муддатидан аввалги етишмовчилиги, эрта менопаузанинг дастлабки босқичлари ва унинг оқибатида келиб чиқувчи асоратларни эрта аниқлашнинг интеграцион дастурий маҳсулотини яратиш» мавзусидаги амалий лойиҳалар муҳокама қилинди.

Аутизм (аутистик бузилишлар) – бу мия ривожланишининг бузилиши натижасида юзага келадиган, ижтимоий муносабатлар ва мулоқотнинг чекланиши, шунингдек, қизиқишлар доирасининг ўта торлиги ва такрорий ҳаракатлар билан тавсифланадиган касаллик. Мана шу аломатларнинг барчаси боланинг 3 ёшгача бўлган даврида намоён бўлади.

Аутизмли бола вояга етаётган оилаларга ёрдам бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар талаб этилади, жумладан, давлат томонидан ёрдам бериш тизимини яратиш билан барча оила аъзоларига психологик ёрдам кўрсатиш ҳам киради. Бу аутизмли болалар орасида ногиронликни сезиларли даражада камайтиради ва аутизмли беморларни ҳаётга мослаштиради, уларнинг билим олиши ва мутахассисликка эга бўлиши, жамиятга фойда келтиришига ёрдам беради.

Сўнгги тадқиқотлар болаларда аутизмни эрта ташхислаш, эмоционал алоқа ўрнатиш, мотивация бериш ва мустақил бўлишини рағбатлантиришга ёрдам берадиган психологик даволаш усулларидан фойдаланиш муҳимлигини кўрсатди. Бугунги кунда ўзбек тилида, бизнинг минтақамиз учун мослаштирилган АВА терапиядан фойдаланган ҳолда аутизмли болаларда идрокни, эътиборни, умумий ва майда мотор харакатларни, фикрлаш ва нутқни яхшилаш жуда муҳимдир.

Аутизмли болаларни даволашда инновацион технологияларни ўзбек тилида қўллаш аутизмнинг дастлабки босқичларида даволаш ишлар кўламини кенгайтиради, аутизмли болалар орасида ногиронликни камайтиради ва болани жамият ҳаётига мослаштиради. Бугунги кунга қадар бутун дунёда аутизмли болалар учун кўплаб даволаш дастурлари ишлаб чиқилган. АБА терапия – бу ўзини тутиш технологиялари ва ўқитиш усулларига асосланган интенсив ўқув дастури. Ушбу дастурни ўзбек тилига мослаштириш ва касалликнинг дастлабки босқичларида аутизмли болаларга индивидуал ёндашувни танлаш, махсус болалар ривожланиш хоналарида АБА-терапия орқали даволашни ташкил этиш мазкур усулнинг самарадорлигини оширади ва бу соҳада яхши натижаларга эришилади.

Хулқ-атвор терапияси ёки АВА усули хатти-ҳаракатларини амалий таҳлил қилиш – бу кўникмаларни ривожлантириш ва аутист боланинг «номақбул хатти-ҳаракатларини» йўқ қилишнинг энг самарали усулларидан биридир. АВА терапия усули биринчи маротаба 1963 йилда Лос Анжелесдаги доктор Ивар Ловаас ва унинг ҳамкасблари томонидан қўлланилган. Усулнинг асоси аутист болага микроҳаракатларни ўргатиш ва кейинчалик нутқ, ижодий ўйин, кўзга қараш ва исмга жавоб бериш каби орттирилган маҳоратни бирлаштириш билан уларни мураккаб ҳаракатларга бирлаштиришга ёрдам беради.

Шуни таъкидлаш керакки, болалар аутизмининг долзарблиги мамлакатда сўнгги йилларда ўтказилган барча тадқиқотлар билан тасдиқланган. Бизда болаларда аутизмни эрта аниқлаш скрининги бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасида аутизмга чалинган беморларнинг реестри шакллантирилмоқда, бунда карта ҳужжатлари расмийлаштирилиб, аутизмга чалинган болалар сони аниқланмоқда. Кейинги босқичда ўзбек тилида АВА терапиясидан фойдаланган холда болаларда аутизмни даволаш усулларини киритиш режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимига мослаштирилган махсус болалар ривожланиш хоналарининг ташкил этилиши ва АБА-терапиянинг даволаш жараёнига тўғридан-тўғри татбиқ этилиши аутист болаларнинг даволашнинг янада самарадорлигини оширади

Ушбу лойиҳа доирасида биринчи маротаба ўзбек тилида АВА-терапияси асосида аутист болаларда идрокни, эътиборни, умумий ва нозик мотор ҳаракатларни, фикрлаш ва нутқни яхшилаш учун инновацион электрон дастурлар ва иловалар ишлаб чиқилади. Ушбу дастур кундалик ҳаётда зарур бўлган кўникмаларни (овқатни чайнаш, кийиниш, гаплашиш ва ҳ.к.) ривожлантиришга, аутист болаларнинг мустақил бўлишига кўмаклашади. Соғлиқни сақлаш тизимидаги махсус болалар ривожланиш хоналарида психолог ва логопед билан комплекс терапия олиб борилади, бу эса кам таъминланган аҳоли учун қулайлик яратади. Аутизмли болалар учун ўзбек тилида АВА-терапияга асосланган электрон платформанинг яратилиши ушбу болаларнинг ривожланиши ва таълим олишини яхшилайди, жамиятга мослашиши ва мустақиллигига кўмак беради, аутизмли болаларнинг кайфияти ва ҳиссиёт соҳасини яхшилайди.

Лойиҳадан олинадиган натижаларнинг аҳамияти шундаки, ўзбек тилида АВА терапия ёрдамида аутизмли болаларни даволашда янги электрон платформани ишлаб чиқиш ногиронликни камайтиришга ва уларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришга ёрдам беради.