Янгиликлар

ТАЪЗИЯ

Инновацион ривожланиш вазирлиги биология фанлари номзоди, таниқли олима Арипова Фарида Хабиевнанинг бевақт оламдан ўтгани муносабати таъзия билдиради.

Фарида Арипова 1950 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1973 йили Тошкент давлат университетини биология ва кимё ўқитувчиси мутахассисилиги бўйича тамомлаган. Фарида Хабиевна узоқ йиллар мобайнида ЎзР ФА Зоология институти катта лаборанти, кичик илмий ходими, катта илмий ходими, ҳамда кадрлар бўлими нозири лавозимларида фаолият юритган.

Биология фанлари номзоди Арипова Фарида Хабиевна томонидан ЎзР ФА Зоология институти Энтомология лабораториясида 1968-2017 йиллар мобайнида олиб борилган кўп йиллик энтомологик тадқиқотлари натижасида пахта, беда, полиз экинлари, омборларда сақланадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари зараркунандаларининг биологияси ва тур таркиби, шунингдек уларнинг энтомофаглари: ўргимчаклар, каналар ва бошқа бўғимоёқлилар бўйича янги маълумотлар олинган. Фарида Хабиевна томонидан ишлаб чиқилган илмий масалалар Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалиги ва биология соҳаларидаги муаммоларни ечишда тўғридан-тўғри кўмак бериб келган. Шунингдек, улар томонидан ишлаб чиқилган илмий-амалий тавсиялар эса, қишлоқ хўжалигида ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ўз ифодасини топган. Арипова Фарида Хабиевна томонидан Энтомология соҳасида, ғўза зараркунандаларига қарши биологик кураш услублари, ҳашаротлар биологияси ва экологияси, жумладан ғўза тунламларига қарши курашиш борасида олиб борилган кўп қиррали узоқ йиллик тадқиқотлар энтомология фани ривожи учун ўз ҳиссасини қўшган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси ва раҳбарияти биология фанлари номзоди Арипова Фарида Хабиевнанинг бевақт оламдан ўтганлиги учун яқинларига ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради. Охирати обод бўлсин!