Янгиликлар

«Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонунга бағишланган брифинг бўлиб ўтди


28 июль куни ОАКАда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонунга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Қонунни Инновацион ривожланиш вазирлиги Aхборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова шарҳлади.

Шу пайтгача республикамиз қонунчилигида инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни, шу соҳасидаги тушунчаларни, иштирокчилар таркибини, уларнинг ўзаро муносабатини, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этишни ва саноатда ўзлаштиришни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас эди. Қонуннинг кучга кириши инновацион фаолият соҳаларини ва унинг барча иштирокчиларининг самарали ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асослар ва қонуний ваколатларни таъминлайди. Инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Инновацион фаолиятнинг давлат томонидан тартибга солиниши инновацион фаолият соҳасида молиявий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳитни юзага келтиради. Инновацион фаолиятининг барча иштирокчиларининг малакасини ошириш ва ўзаро муносабатларининг янги механизмларини жорий этиш имконини беради. Шунингдек, Қонун инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни тартибга солувчи қатор норматив ҳужжатлар кўриб чиқилишини таъминлайди. Шунингдек, илмий, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини жорий этиш ва тижоратлаштиришни фаоллаштиради. Қонунда инновацион фаолият соҳасида фойдаланиладиган атамаларни бир хил маънода ишлатиш тартибга солинган. Инновацион фаолият иштирокчилари категориялари, инновациялар трансфери, инфратузилма объектлари, инновацион фаолиятни молиялаштириш манбалари ва шаклларига аниқлик киритилган. Қонун давлат бюджети маблағларини жалб қилиш орқали ташкил этилган интеллектуал мулк ва технологиялар объектларини ишлаб чиқарувчиларга бериш ҳуқуқи тартибини белгилайди. Бундай тартиб апробациядан ўтказиш механизмини такомиллаштиришга шароит яратади. Муҳими илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишни рағбатлантиради.

Қонун 6 та боб ва 39 та моддадан иборат.

Лойиҳани ишлаб чиқишда инновацион фаолиятни тартибга солувчи қонунлар ўрганилган. АҚШ, Францийа, Германия, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон, Беларус, Молдова, Қозоғистон, Украина каби соҳада етакчи бўлган хорижий давлатларнинг тажрибасидан фойдаланилган.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида икки маротаба: биринчиси 2019 йил 17 январь ва иккинчиси 28 февраль куни муҳокама учун жойлаштирилган. Ушбу муҳокамаларда жами 1515 нафар иштирокчилар қатнашди ва 295 та таклифлар келиб тушди.


Шу билан бирга қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, академиклар, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг олим ва мутахассислари, профессор-ўқитувчилари, тармоқ ва соҳа вакиллари иштирокида жами 43 семинар ва давра суҳбатларида муҳокама этилди.


Инновация ўзи нима?
Қонунда Инновация – фуқаролик муомаласига киритилган ёки шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган, қўлланилиши амалиётда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришини таъминлайдиган янги ишланма, деб таърифланган. Демак таърифдан кўриниб турибдики, ҳар қандай янгилик инновация бўла олмайди, ҳар қандай илмий изланишлар натижаси ҳам инновация эмас. Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан фойда келтирадиган ишланлмаларнигина инновация деб атай оламиз.

Инновацион фаолият қайси тамойилларга асосан амалга оширилади?
Аввало инновацион фаолият эркин бўлиши керак. У билан шуғулланишга ҳеч ким мажбур ҳам эмас, лекин шуғулланадиганларга тўсқинлик қилишга ҳам йўл қўйилмайди.Иккинчидан, инновацион фаолият давлат томонидан қўллаб қувватланар экан, унда барча фуқаролар тенг фойдаланиш ҳуқуқига эгалар. Учинчидан,инновацион фаолиятни давлат томнидан қўллаб-қувватланиши ошкор ва аниқ йўналтирилган бўлиши керак. Бу соҳада рақобатни ривожлантириш, ахборотни эркин алмашиш имкониятини яратиш ўта муҳим саналади. Яна бир муҳим жиҳат, инновацион фаолият натижасида яратилган интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилилиниши шарт ва зарур. Ва булардан ташқари, инновацион фаолият фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги лозим.


Юртимизда инновацион фаолият соҳасини ривожланишига қайси орган масъул?
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаши белгиланган. Ўз навбатида янги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион фаолият соҳасидаги ваколатли органи деб кўрсатилган.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг ваколатлари нималардан иборат?
Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Инновацион фаолият соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради. Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқади ва амалга оширади. Шунингдек, инновацион фаолиятга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади. Бундан ташқари, мамлакатнинг инновацион ривожланиш ҳолати таҳлилини амалга ошириб, инновацион фаолият иштирокчиларининг идоралараро ўзаро ҳамкорлигига кўмак кўрсатади. Инновацион лойиҳаларнинг давлат илмий-техник экспертизаси ўтказилишини таъминлаш ҳам айнан ваколатли органнинг вазифасидир. Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз навбатида Инновацион фаолият бўйича давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларни шакллантириш, тасдиқлаш ва молиялаштириш бўйича ягона давлат буюртмачиси ҳисобланади. У инновацион лойиҳаларнинг мониторинги ва ижроси самарадорлигини баҳолашни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харид қилинган технологиялар трансфери бўйича шартномаларни рўйхатдан ўтказади. Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга молиялаштириш учун янги ишланмаларни тавсия қилади.

Инновацион ривожлантириш стратегиясининг моҳияти қандай?
Инновацион ривожланттриш стратегиялари дунё илм-фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ишланмалар ва технологиялар асосида инсон капиталини, мамлакат тараққиётини жадаллаштириш, инновация соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Бунда ўрта ва узоқ муддатли инновацион ривожланиш стратегияларини қабул қилиш мумкин.

Инновацион ривожлантириш стратегиялари давлат ва жамият олдида турган мақсад ва вазифаларни, тегишли даврга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларни ҳамда уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаларини белгилайди. Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиялари лойиҳалари ваколатли давлат органи томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий ташкилотлар, нодавлат нотижорат ва экспертларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилади.

Инновацияларни яратишга давлат буюртмаси нима?
Инновацияларни яратиш бўйича давлат буюртмаси инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади. Бунда импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга эътибор қаратилади. Жорий этишга тайёр бўлган мавжуд маҳсулотлар ва технологиялар таннархини пасайтириш мақсадида тадқиқотлар ўтказилади. Инновацион лойиҳалар янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиб, маҳаллий хом ашёлардан фойдаланишни рағбатлантиради.
Инновацион лойиҳаларни давлат буюртмаси бўйича амалга оширишнинг максимал муддати икки йилдан ошмаслиги лозим.

Инновацион фаолият Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат буюртмаси доирасида молиялаштирилганда, унинг натижаси давлатга тегишли бўлади.

Инновацион лойиҳалар илмий-техник экспертизадан ўтадими?
Давлат буюртмаси доирасида бажариладиган инновацион лойиҳа давлат илмий-техник экспертизасидан ўтказилиши шарт. Инновацион лойиҳанинг илмий-техник экспертизаси лойиҳанинг амалий аҳамиятини, илмий-технологик даражасини ва иқтисодий самарадорлигини комплекс баҳолаш, уларни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ва ҳажми бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида амалга оширилади.

Техник экспертиза лойиҳа аризаси таркибида тақдим этилган ҳужжатларнинг талабларга жавоб беришини аниқлаш, шунингдек, лойиҳа аризаси бўйича тақдим этилган маълумотларни нотўғри талқин қилиш ва таҳлил қилишнинг бузилишига олиб келадиган хатоларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади.
Илмий экспертиза муддати лойиҳа аризаси олинган кундан бошлаб 15 календарь кунидан ошмаслиги керак.

Илмий экспертизани амалга ошириш жараёнида экспертиза хулосасидан шахсан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйилмайди.

Инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлаш масаласига қандай эътибор қаратилади?
Давлат инновация соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашади. Шунингдек, инновацион тадбиркорлик соҳасида кадрларни тайёрлашга ихтисослашган таълим ташкилотлари фаолиятига молиявий ёрдам кўрсатилади.

Қонуннинг 21-моддасида Технологиялар трансфери механизмлари ҳақида сўз борган. Технологиялар трансфери дегандан нима тушунилади?
Технологиялар трансфери — технология эгаси бўлган шахс ёки ташкилотдан янги ишланмани амалда қўллаш соҳасига ўтказишга қаратилган тадбирлар мажмуи.
Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқнинг мавжудлиги ва ундан тушган фойда трансфер қилиш тўғрисидаги шартномаларни тузишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилган технологиялар трансфери бўйича шартномалар ваколатли давлат органи томонидан рўйхатга олинади.


Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ҳозирда энг долзарб муаммолардан бири саналади. Қонунда уни ечилишга қандай шароитлар яратилган?
Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш фойда олиш мақсадида фуқаролик муомаласига кириш жараёнидир. Яъни ишланмаларни тижоратлаштириш янги ишланмаларни қўллаган ҳолда яратилган товарларни реализация қилиш ёки улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланишни назарда тутади.

Давлат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ёки давлат сири ҳисобланган маълумотларни қамраб олувчи интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Қонуннинг 4-боби Инновацион инфратузилмага бағишланган. Инновацион инфратузилма субъектларига нималар киради?
Инновацион инфратузилма субъектларига инновацион технологик парклар, технологиялар трансфери марказлари, инновацион кластерлар, венчур ташкилотлари, инновация марказлари киради. Қонунда мазкур субъектларнинг ҳар бирига таъриф берилиб, уларнинг фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.


Инновацион фаолиятни қай тартибда молиялаштирилади?
Инновацион фаолиятни молиялаштириш манбаларига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари; маҳаллий бюджет маблағлари; Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари; инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари; венчур жамғармалар маблағлари; инновацион фаолият субъектларининг ўз маблағлари; халқаро грантлар, тижорат банкларининг, шу жумладан, хорижий банклар ва халқаро молия институтларининг мақсадли кредитлари; хусусий инвесторлар ва бошқа ҳомийлар, шу жумладан хорижий ҳомийлар маблағлари; қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


Инновацион фаолият тўғрисидаги Қонуннинг 6-боби якунловчи қоидаларни ўз ичига олади.
Унда Инновацион фаолият соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, Инновацион фаолият соҳасидаги низоларни ҳал қилиш, Инновацион фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик, Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамиятининг тушунтирилишини таъминлаш, Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш ҳамда ушбу Қонуннинг кучга киритилиши ҳақидаги моддалар киритилган.