Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашларнинг ротацияси амалга оширилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида фан йўналишлари бўйича 16 та ва стартап лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун битта Илмий-техник кенгаш фаолият юритади. 2020 йил март ойида ротация қилиниб, тасдиқланган ИТКлар таркибига жами 350дан ортиқ олимлар, стартаплар бўйича ИТКларга эса 10дан ортиқ бизнес вакиллари ва стартапчилар жалб қилинган. Бунда 7 нафар академик, 172 нафар профессор, 55 нафар доцент, 63 та фан доктори ва 37 та фан номзоди,14 та фалсафа доктори (PhD) мавжуд. Аъзоларнинг ўртача ёши 52 ёшни ташкил этмоқда.

ИТК янги таркиби ташкил этилганининг дастлабки босқичида пандемия даври тўғри келгани учун мажлис ўтказишга рухсат берилмаган эди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 мартдан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилгани муносабати билан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш талаблари доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ходимларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатишни онлайн режимга ўтказиш мақсадида фан портали орқали электрон тарзда топширилган лойиҳаларга онлайн илмий экспертизалар олиниб, мажлислар ZOOM дастури орқали онлайн форматда мажлислари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ИТК томонидан ҳудудларни ривожлантириш бўйича Дастурга таклифлар шакллантирилди. Жаҳон банкидан ажратилган маблағлар учун хорижий валютада молиялаштирадиган лойиҳалар танлови ўтказилиши режалаштирилаётгани муносабати билан ушбу йўналишда таклифлар берилди, бунда хорижлик олимлар ва чет элдаги ватандошлар билан ҳамкорлик қилишда алоҳида аҳамият қаратилди.

2020 йилнинг фундаментал тадқиқотлар танлови эълон қилиниши режалаштирилаётгани муносабати билан ҳар бир ИТК ўз фан йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқди. Ёш олимларни чет эл олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ва марказларида ўз соҳалари бўйича стажировкадан ўташлари учун номзодлар тавсия этилди.

Топширилган айрим лойиҳаларнинг молиялаштиришга тавсия этилмаганига қуйидаги омиллар сабаб бўлди:

- пандемия шароитида лойиҳалар электрон тарзда топширилиши муносабати билан лойиҳаларни текшириб олиш имконияти мавжуд эмас, шу нуқтаи назардан лойиҳалар техник талабларга тўлиқ жавоб бермаган ҳолда порталга юкланмоқда;
тақдим этилган ҳужжатларнинг тасдиқланган талабларга номувофиқлиги, шунингдек, лойиҳа ҳужжатларига кўра тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққоний эмаслиги, лойиҳаларда ижрочи ташкилотлар ва улар ҳақидаги маълумотлар аниқ кўрсатилмаган, имзолар ҳар хил раҳбарлар томонидан қўйилган;
- талабномага илова қилинган шаклларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини, зарур имзо, муҳр ва штампларнинг мавжуд эмаслиги (шундай лойиҳалар топширилганки, битта лойиҳанинг 2 та расмий йўлланма хати, 2 та ижрочи ташкилоти Кенгаши қароридан кўчирма берилган, хат ва кўчирмаларда алоҳида алоҳида раҳбарлар имзо чеккан, лойиҳанинг титул варағида эса, ижрочи ташкилотнинг раҳбари имзоси қўйилган; битта лойиҳанинг расмий хатида битта мавзу, Кенгаш қароридан кўчирмада бошқа мавзу, лойиҳанинг титул варағидаги берилган мавзу эса умуман бошқа);
- лойиҳа шаклларидаги ўзбек ва рус тилларидаги маълумотлар ва таржималарда тафовутлар мавжуд, услубий ва имловий хатоликлар кўплаб учрамоқда;
- ижрочилар илмий салоҳияти етарли эмаслиги ва уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилмаганлиги (лойиҳа ижрочилари таркибига ижрочи ташкилотнинг кўплаб раҳбарлари сунъий киритилган, илмий гуруҳ таркиби кенгайтириб юборилган, вазифалар аниқ белгилаб берилмаган, вазифалар асосан таҳлил қилиш, тадқиқ этиш кабилар билан белгилаб қўйилган, режалаштирилаётган илмий гуруҳ таркиблари юзаки тарзда шакллантирилган, салоҳияти етарли эмас, лойиҳа иштирокчилари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотлар киритилмаган, илмий ишлар рўйхатлари (3.4.шакл) битта лойиҳанинг ичида ҳар хил расмийлаштирилган, илмий котиблар томонидан тасдиқланмаган, айримларида бу шакл умуман тақдим этилмаган, мавзу доирасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормаган олимлар, мавзуга алоқаси бўлмаган раҳбар ходимлар жалб этилган;
- илмий экспертиза натижалари бўйича тақдимот жараёнида лойиҳанинг асосий мазмуни,кутилаётган натижа аниқ очиб берилмаганлиги ва ш.к.
- топширилган лойиҳалар мазмун моҳиятига кўра амалий мақсадларга эришиш ва аниқ вазифаларни ҳал этиш учун асосан янги билимларни ва фундаментал тадқиқотлар натижаларини қўллашга аниқ йўналтирилмаган, амалга ошириш муддати, инфратузилмаси, ижрочилари, молиялаштириш манбаи ва ҳажмига эга инновацияни яратиш ва ишлаб чиқаришга тўғри ва мақсадли аниқ йўналтирилмаган, тажриба-конструкторлик лойиҳаларида тажриба, конструкторлик намуналари, асбоблар, материаллар, буюмлар ва бошқа илмий ишланмаларни лойиҳалаш, тайёрлаш ва синовдан ўтказиш, ривожлантириш билан боғлиқ механизмлар аниқ очиб берилмаган;
- лойиҳанинг ижрочи ташкилотларида асосан илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширувчи илмий фаолият субъектлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан шуғулланиши учун етарли салоҳият, моддий техник база мавжуд эмаслиги ва бунинг зарурати лойиҳаларда асослаб берила олинмаганлиги;
- давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида амалга ошириладиган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича лойиҳа таклифларида таклиф қилинаётган илмий лойиҳанинг мақсадлилиги, ўзига хослиги бўйича лойиҳа таклифларини шакллантирилмаганлиги ёки таклифларни аниқ асослаб берилмаганлиги;
- ташаббускор ёки сайёр йиғилишларда берилган таклифлар асосида топширилган илмий-тадқиқот лойиҳалари илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширувчи бошқа манфаатдор ташкилотларнинг таклифлари илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги асослаб берилмаганлиги;
- тематик лойиҳалар танловига топширилган лойиҳаларда лойиҳанинг амалга ошириш босқичлари очиб берилмаган, кутилаётган натижа аниқ маҳсулотга қаратилмаган, лойиҳалар рефератив мазмунга эга;

- ИТК мажлисларида тақдимотда лойиҳа илмий раҳбари ўрнига бошқа ижрочининг қатнашиши кузатилмоқда, оқибатда бу ижрочи лойиҳа мазмунини тўлиқ очиб беролмаяпти ва лойиҳа бўйича салбий хулоса қилинишига сабаб бўлмоқда, лекин ижрочи ташкилотлар томонидан бундан норозилик билдирилмоқда ёки лойиҳа раҳбари тақдимотга тайёр бўлмаган ҳолатда келиш ҳоллари учрамоқда;
- илгари топширилган лойиҳа талабномасига ўхшаш ёки шу мавзуда бажарилган лойиҳаларнинг мавжудлиги ва лойиҳа талабномаларининг такрорланганлиги;
- ташаббускор лойиҳаларда мавзуларнинг нотўғри расмийлаштирилганлиги;
- тематик мавзуларда топширилган лойиҳалар танловини таъминлаш учун лойиҳа раҳбарлари томонидан сунъий танловлар ташкил этганликлари;
- лойиҳаларни баён қилишда диссертация, монография ва мақолалардан кўчириб берилган ҳолатлар учраганлиги;
- тақдим этилган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар нотўғри ва асослантирилмаган тарзда пала-партиш расмийлаштирилганлиги, ставкалар ва ойлик маошлари аниқ белгилаб берилмаган, сафар харажатлари кўрсатиб берилмаган.

Шу ўринда илмий лойиҳалар танловларида иштирок этиш истагида бўлган тадқиқотчилардан юқоридаги камчиликларга йўл қўймасликни сўраб қоламиз.