Янгиликлар

Ҳиндистон компаниялари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимларидан иборат делегация 2019 йил 12-18 ноябрь кунлари Гужарат штатида хизмат сафарида бўлди. Улар Ҳиндистон Республикаси Гужарат штати Бош вазири В.Рупанининг жорий йил 19-21 октябрь кунлари Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятларига ташрифи доирасида келишилган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида қатор компаниялар билан музокаралар олиб бордилар.

 

Делегация аъзолари ва “iCreate” ҳамда “DevX” компаниялари раҳбарияти илғор стартаплар, менторларни ўқитиш ва тренинглар ўтказиш, шунингдек блокчейн ҳамда Ҳиндистондаги венчур инвестициялари бўйича тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, “iCreate” ва “DevX” компаниялари билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ўртасида стартап экотизимини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш масаласи ўрганилди.

 

Шунингдек, Гандинагар туманида жойлашган “Natural Storage solutions PVT Ltd.” компанияси билан электрон тарзда бошқариладиган совуткич тизимларини, мева-сабзавотларни йиғим-теримдан кейин сақлаш учун автоматик шок режимида музлатувчи инновацион технологияларни келажакда Ўзбекистонда ўзлаштириш масаласи муҳокама этилди.

 

“Science City” компанияси раҳбарияти билан музокаралар давомида Андижон вилоятидаги инновацион полигон фаолиятини амалга ошириш, экспертлар ёрдамида тренингларни, шунингдек мини-технологиялар кўргазмасини ташкил этиш юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида имзоланадиган Англашув меморандуми матни ишлаб чиқилди.

 

Мазкур компаниялар билан расмий келишувлар Ўзбекистон делегациясининг жорий йил 29-30 ноябрь кунлари Гужаратга режалаштирилган ташрифи давомида имзоланиши кутилмоқда.

 

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги делегацияси томонидан“Routern.com” компанияси директори ЧандракантШарма билан учрашув ўтказилди. Унга Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳиндистон Республикасидаги фахрий элчиси сертификати топширилди. Фахрий элчи билан сунъий интеллектни ривожлантириш ва Ҳиндистондаги инновацион технологияларни трансфер қилиш йўналишлари бўйича ишлашга келишиб олинди.

 

Ҳиндистондаги элчихонаси вакиллари томонидан ташкиллаштирилган “KPMG” компанияси директори Сонал Вакхелла билан учрашувда эса Ўзбекистонда давлат бошқарувига жорий этиладиган “Электрон ҳукумат” тизимини қўллаш тизими ҳинд мутахассислари томонидан ўрганилаётганини маълум қилинди.