Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишди

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов жорий йилнинг 21 август куни Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб, муассасанинг фаолияти, у ерда амалга оширилаётган илмий ишлар ҳамда шарт-шароитлар билан танишди.

Вазир Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг илмий салоҳиятини кучайтириш масаласи муассаса олдидаги турган энг муҳим масала эканини таъкидлаб, бунинг учун институт кадрлари бугунги кун талабларига жавоб бериши кераклигини айтди. Бундан ташқари илмий-тадқиқот институтининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш лозимлиги қайд этилди.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун Деҳқончилик илмий-тадқиқот институти илмий ходимларини хорижий стажировкалар ўташлари, институт олимларининг илмий-техник лойиҳаларда иштирок этишларини таъминлаш ҳамда биноларни таъмирлаб, замонавий илмий лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш лозим. И. Абдураҳмонов ёш олим ва мутахассисларни Дубай шаҳрида жойлашган Шўрланиш шароитидаги биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA)га ҳамда Беларуснинг етакчи илмий-тадқиқот марказларига стажировка ўташ учун жўнатиш, мақсадли амалий ва инновацион лойиҳаларни ҳамда лаборатория ускуналари билан таъминлашда Инновацион ривожланиш вазирлиги яқиндан кўмак беришини таъкидлади. Ўз навбатида институт биносини таъмирлаш ишларини ҳам тезлаштириш бўйича чоралар кўриш кераклиги ҳақида ҳам сўз юритилди.

Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти юртимизнинг анчайин кўҳна илмий муассасаларидан бири бўлиб, 1928 йилда илмий тажриба станцияси негизида очилиб, 1958 йили Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик фанлар академиясининг қарори асосида ташкил этилган. Сўнг, Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 10 февралдаги ПҚ-2125 сонли “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан қайта ташкил этилган. Ғўза, беда, ғалла, мойли, ем-хашак экинлари генетикаси ва селекцияси, уруғчилиги, уруғшунослиги ва Қорақалпоғистон Республикаси тупроқ иқлим шароитига ва экологик муҳитига мослашган барча қишлоқ хўжалик экинларни етиштириш, зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларидан ҳимоя қилиш, ресурстежамкор агротехнологияларининг илмий-амалий асосларини такомиллаштириш юзасидан илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда янги навларини яратиш, шу асосда илмий-техник маҳсулотлар ишлаб чиқиш институтнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий тадқиқот институти 1958 йилдан буён қишлоқ хўжалик экинларининг навларини яратиш, агротехнологик янгиликларини жорий этиш, алмашлаб экиш тадбирларини жорий этиш, мелиорация соҳаси ва ўсимликлар зараркунандаларига қарши кураш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Тадқиқотлар натижасида қишлоқ хўжалик экинларининг агротехникаси, ўсимликни зараркунандалардан ҳимоя этиш, суғориш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ ҳосилдорлигини ошириш тизимлари яратилмоқда.