Янгиликлар

Академик Шавкат Салиҳов: «Рутан бошқа интерферон индукторларидан фарқли равишда вирусларнинг ривожланишига жавоб берувчи 3CL-протеаза ферментининг фаоллигини сусайтиради"

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Тиббиёт фанлари» йўналишидаги Илмий-техник кенгашнинг навбатдаги йиғилишида “Ўткир респиратор вирусли инфекцияларга қарши мавжуд маҳаллий дори препаратларини COVID-19 коронавирусини даволашда фойдаланиш мақсадида уларнинг тезкор лаборатория синовларини ўтказиш ва самарали воситаларни танлаш”лойиҳаси муҳокама қилинди.


Йиғилишда иштирок этган Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Салиҳов ўзи раҳбарлик қилаётган илмий муассасада сўнгги 20 йил мобайнида ўсимлик хомашёсидан дори препаратлари ишлаб чиқарилаётгани, уларнинг самарадорлиги юқорилиги ва ножўя таъсирга эга эмаслиги ҳақида маълумот берди. Ҳозирда мазкур инстиутут олимлари томонидан Рутан, Гетосан, Пунитан, Эуфорбин, Мегосин, Гозалидон, Мебавин, Рагосин ва Рометин каби 20 та дори препаратлари яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилган.

Ўткир респиратор вирус инфекцияларининг аксарият қўзғатувчилари сингари SARS-CoV-2 тожли вируси РНК-вирус ҳисобланади. Шу боис Биоорганик кимё институти томонидан ишлаб чиқилиб, А-Н3N2 ва H1N1 гриппи, В гриппи, инсон иммунитет танқислиги вирус ва бошқа вирус инфекцияларини даволаш учун тиббий амалиётга татбиқ этилган дори воситалари универсал ишлаб, SARS-CoV вирусига ҳам қарши ишлаши мумкин деб тахмин қилинмоқда.

Одатда организмда иммун жавобнинг гиперергик, нормаэргик ва гипоэргик вариантлари бор. Демак вирус тушганда одам организми унга нисбатан гиперергик (кучли), нормаэргик (ўртача), гипоэргик (кучсиз) иммун жавоб беради. Бу эса одамига боғлиқ, яъни ҳар одамда турлича бўлади, — дейди Ш. Салиҳов. — Энди тасаввур қилинг, агар бир одамда вирусга нисбатан гиперергик (кучли) иммун жавоб бўлаётган бўлса ва биз унга яна қўшимча равишда иммун тизимини кучайтирувчи Рутан сингари иммуностимуляторларни қўшимча берсак, у иммун тизимининг лашкарлари ҳисобланган цитокинлар синфига кирувчи интерферонларнинг синтезини кучайтириб беради. Демак, ўзи кучли иммун тизимига эга бўлган организмни яна ҳам кучайтиряпмиз.

«COVID-19 вируси нафас йўллари тўқималарига мойил бўлиб, унинг тўқималарига, яъни эндотелийсига ўрнашиб олади, — деб фикрини давом этди академик Салиҳов. — Шунда табиий иммун тизими танани вирусдан халос қилишга уриниб, эндотелийни вирусдан тозалашга ҳаракат қилади. Шу вақтда агар гиперергик (кучли) иммун жавобга эга бўлган одамларга Рутанга ўхшаган иммуностимулятор берилса, у ерда «Цитокинли шторм» кучайиб кетиб нафас йўлини кучли яллиғланишни келтириб чиқаради ва натижада организм ўзини ўзини нобуд қилиши хам мумкин.»

ОАВда Рутаннинг коронавирусгани даволашда самарасиз деган фикрларга Академик салиҳов қуйидагича жавоб берди:

– Маълумки, Рутан препарати аввал Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигидан интерферон индуктори сифатида рўйхатдан ўтиб, дори воситаси сифатида тиббий амалиётда қўлланилиб келинаётган эди, Лекин унинг охирига вақтларда Хитойлик олимлар томонидан коронавирусга in vitro (модель лаборатория шароитида) текшириш натижалари вируснинг ривожланишига жавоб берувчи 3CL-протеаза ферментининг фаоллигини ингибирлашини кўрсатди. Демак бу бошланғич натижа бўлиб, тайёр дори воситаси бўлган Рутан препаратининг иккинчи функцияси ҳисобланади. Лекин бу лаборатория шароитида модель тест системадан олинган натижаларга кўра коронавирусни даволашда потенциал аҳамиятга эга бўлгани туфайли уни тиббий амалиётда синаб кўриш учун берилган. Демак Рутанни COVID-19 га чалинган беъморлар орасидаги иммун статуси фақат нормаэргик (ўртача), ёки гипоэргик (кучсиз) жавобга эга бўлган пациентларга бериш мумкин. Шунда унинг самараси кўринади деб ўйлайман. ОАВда интервью берган мутахассис Рутаннинг фақат иммуностимулятор сифатида билади, яъни унинг инструкциясига кўра. Унинг иккинчи, янги хусусиятини эса билмайди.

Шундай қилиб, Рутан коронавирус инфекциясини бевосита даволамайди. У иммун тизимини кўтаради, бошқа дорилар билан биргаликда сезиларли самара беради. Коронавирус инфекциясининг охирги босқичларида беморларга қўллаш мумкин эмас. У дастлабки босқичда ёки профилактика мақсадларида муваффақиятли қўлланилади.